АҚШнинг Европадаги базаларида хавфсизлик даражаси қўпорувчилик хавфи туфайли оширилган — CNN
АҚШнинг Европа мамлакатларидаги ҳарбий базалари “Россия томонидан қўллаб-қувватланувчи субъектлар” Америка ҳарбий хизматчилари ёки объектларига қарши қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошириши мумкинлиги ҳақидаги ахборот туфайли, ўтган ҳафта юқори шайлик ҳолатига келтирилган. Бу ҳақда CNN ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.
АҚШ разведка маълумотлари орқали шу нарса аниқланганки, Россия “Америка базалари ва ҳарбий ходимларини ишончли шахслар орқали ҳужум учун вариантлар сифатида кўриб келган”. Ушбу маълумот АҚШ Қуролли кучлари қўмондонлигини “қўшимча протоколлар киритиш”га ва ҳимоя даражасини иккинчи босқичга оширишга мажбур қилган.
Эслатиб ўтамиз, 30 июнь куни Германиянинг Штутгарт шаҳридаги Америка базаларида шайлик “Чарли” даражасигача оширилганди. Штутгартда АҚШ қуролли кучларининг Европа қўмондонлиги бош қароргоҳи жойлашган. “Чарли” хавф даражаси базада теракт эҳтимоли, ходимлар ёки обектларга нисбатан таҳдид юзага келгани ҳақида разведка маълумотлари олинган тақдирда қўлланилади.
Американинг Европадаги ҳарбийлари бундай хавф даражаси билан камида ўн йилдан буён юзма-юз келмаган. Бу шуни билдирадики, Америка қўмондонлиги “фаол ишончли таҳдид” тасдиғини олган, дейилган эди ўшанда.
Шарҳлар