Хитойда 1970-йиллардан буён биринчи марта пенсия ёши оширилади
Бутунхитой халқ вакиллари мажлиси мамлакатда пенсия ёши аста-секинлик билан оширилишини эълон қилди, деб хабар бермоқда “Синьхуа” агентлиги.
Ҳозирги меъёрлар 1950-йилларда жорий этилган, 1970-йилларда уларга аниқлик киритилган. Айни пайтда Хитойда пенсияга чиқиш ёши дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бири ҳисобланади: эркаклар учун 60 ёш ва аёллар учун 50 ёки 55 ёш (жисмоний ёки офис иши билан шуғулланишига қараб).
Энди эса бу ёш эркаклар учун 63 ёш ва аёллар учун 55—58 ёшгача босқичма-босқич кўтарилади. Бундан ташқари, 2030 йилдан пенсия олиш учун зарур бўлган энг кам иш стажини ҳозирги 15 йилдан 20 йилгача ошириш кўзда тутилган.
Маълумот ўрнида, Хитойда ўртача умр кўриш давомийлиги 1960 йилдаги 44 ёшдан 2023 йилга келиб, 78,6 ёшгача етди. Шу билан бирга, мамлакат аҳолиси кексайиб бораётгани ҳақида кўп гапирилади. 2022 йилда эса аҳоли 60 йил ичида биринчи марта камайиб кетди.
Шарҳлар