Қирғизистон президенти “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунни имзолади
Қирғизистон президенти Садир Жапаров “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунни имзолади ва ноҳукумат ташкилотларни таъқиб қилмасликка ваъда берди.
“Сиз 30 йилдан буён хорижий донорлар билан ишлаб келасиз, сизни эса қанчадир суммалар олганингиз учун ҳеч ким таъқиб қилмаган. Буни энди бошлаймиз, деб ўйлайсизми? Мен давлат раҳбари сифатида кафолат бераман, ҳеч қанақа таъқиблар бўлмайди. Биз ядро мамлакати эмасмиз. Ҳозирча коинотга учмоқчи эмасмиз. Давлатимизнинг сиздан ва донорларингиздан яширадиган сирлари йўқ. Бизда барча маълумотларни очиқ манбалардан топиш мумкин”, — деб ёзди Жапаров ўз Facebook саҳифасида.
Унинг сўзларига кўра, қонун мамлакат учун фақат фойда келтиради, чунки “ҳамма очиқчасига ва тенг шароитларда ишлашни бошлайди”.
Энди Қирғизистонда чет элдан молиялаштириладиган ва “сиёсий фаолият” олиб борадиган нотижорат ташкилотлар “хорижий вакиллар” деб тан олинади (Россиядаги “хорижий агентлар” термини аналоги).
Улар тегишли реестрга киритилади. Улар учун режали (йилига бир мартадан кўп бўлмаган) ва режадан ташқари текширишлар ўрнатилади.
Шунингдек, қонун лойиҳасида “хорижий агентлар” ўз фаолияти тўғрисида, жумладан, хорижий манбалардан олинган маблағлар ва улардан фойдаланиш аудити, бошқарув, ходимлар сони ва уларнинг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларни мунтазам равишда батафсил ҳисобот тақдим этишлари шарт. Бундан ташқари, ҳар олти ойда бир марта оммавий ахборот воситаларида ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот эълон қилишлари керак.
Маҳаллий ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ушбу қонун меъёрлари фуқаролик жамияти ташкилотлари фаолиятини жиддий равишда чеклашини ва ошкора репрессив хусусиятга эга эканини кўп маротаба таъкидлаган.
Шарҳлар