Трампга ўқ узган шахс хорижий давлатларга алоқадорлиги юзасидан далиллар топилмади
Дональд Трампга ўқ узган Томас Мэттью Крукс террорчилик ташкилотлари ёки хорижий давлатлар билан алоқасига ишора қилувчи ҳеч қандай маълумотлар топилмади, деб хабар беради The New York Times ўз манбаларига таяниб. Унинг ҳаётини ўрганиш давом этмоқда.
Жиноят ички терроризм сифатдиа ўрганилмоқда. Қурол ва топилган портловчи модда лабораторияга юборилган. Ҳукумат мерган шериклари билан бирга ҳаракат қилгани юзасидан далиллар топгани йўқ. Ҳуқуқ-тартибот органлари учун биринчи навбатдаги вазифа жиноятчининг мақсадини аниқлаштириш ҳисобланади. Шунингдек, руҳий ҳолати билан боғлиқ муаммолар бўлгани ҳам исботлангани йўқ.
Шу нарса маълумки, Крукс 2022 йилда мактабни битириб, 2024 йил майида муҳандислик фанлари бўйича мутахассис даражасини олган. Камида бир йил давомида мерганлар клубига аъзо бўлиб келган. Крукснинг CBS’га интервью берган танишлари унда безовталик белгиларини кўрмаганини маълум қилган.
Баъзи синфдошлари эслашича, Круксни мактабда ташқи кўриниши туфайли камситишган. Аммо у яхши ўқиган ва ўқитувчиларнинг севимли ўқувчиси бўлган. У беозор бола сифатида таассурот қолдирган. Шунингдек, кўпинча ёлғиз юрган ва камуфлаж кийимда юрган.
АҚШнинг 45-президенти Дональд Трампга 13 июль куни Пенсильвания штатидаги сайловолди митингида суиқасд уюштирилди. Ўқ унинг қулоғига теккан. Митингнинг бир иштирокчиси ҳалок бўлиб, икки киши оғир яраланган. Ҳужум қилган шахснинг ўзи Махфий хизмат ходимлари томонидан отиб ўлдирилган.
Шарҳлар