Халқаро валюта жамғармаси можародан кейин Кремль билан алоқаларни тикламасликка қарор қилди

Фото: RT

Халқаро валюта жамғармаси (XВЖ) Европа ва Украинадаги норозилик намойишларидан кейин ҳамда XВЖ ва унинг бошқарувчи директори Кристалина Георгиевани Россия агрессиясига ёрдам берганликда айблаганидан сўнг Россия билан уруш давомида тўхтатилган маслаҳатлашувларни қайта тиклаш ҳақидаги фикрини ўзгартирди.

Жамғарма IV модда доирасида Россия иқтисодиётини йиллик баҳолашга қайтиш ва вазиятни баҳолаш ҳамда Кремлга иқтисодий сиёсатни қандай яхшилаш ва қандай ислоҳотларни амалга ошириш бўйича тавсиялар бериш учун Россияга миссия юбормоқчи эди.

Жамғарма экспертлари 16 сентябрь, душанба куни россиялик амалдорлар ва банкирларга қўнғироқ қилишни бошлаши, кейин эса шахсий учрашувлар учун Москвага боришни режалаштиришганди.

«Миссия иқтисодий вазият, истиқболлар ва ҳукумат сиёсатини муҳокама қилиш учун кенг доирадаги манфаатдор томонлар билан учрашади», – деганди ХВЖ вакили Жули Козак ўтган ҳафта бошида бўлиб ўтган брифингда фонд мақсадларини тушунтирган ҳолда.

Бироқ, бир неча кун ўтгач, Кристалина Георгиева тўққизта Европа мамлакати молия вазирларидан ғазаб хатини олди, шундан сўнг у Будапештда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи молия вазирларининг ёпиқ йиғилишида уларнинг танбеҳ ва эътирозларини шахсан тинглаш имконига эга бўлди.

13 сентябрь, жума куни Георгиеванинг Польша, Литва, Латвия, Эстония, Дания, Исландия, Финляндия, Норвегия ва Швеция номидан мактуб факти Финляндия Молия вазирлигининг раҳбари Риикка Пурра томонидан расман тасдиқланди.

“Миссия ҳақидаги хабар биз ва Украинани қўллаб-қувватловчи бошқа давлатлар учун ёқимсиз кутилмаган ҳодиса бўлди. Шу ўринда муқаррар савол туғилади: ХВЖ Россияга қандай маслаҳат бермоқчи? Масалан, у Россияга уруш иқтисодиётини қандай қилиб яхшироқ молиялаштириши мумкинлиги ҳақида маслаҳат берадими?” – деди у.

 

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.