Россия, Хитой ва Эрон Ғарбни ядро битимини қайта тиклашга чақирди
Россия, Хитой ва Эрон Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) бошқарув кенгаши олтинчи мажлиси кун тартиби доирасида қўшма баёнот эълон қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Унда Ғарб “сиёсий ирода”сини намоён қилиб, Эрон билан ядро битими (Кенг қамровли қўшма ҳаракатлар режаси)ни қайта тиклаш учун қадамлар қўйиши кераклиги айтилади.
“Мамлакатларимиз КҚҚҲРни қатъий қўллаб-қувватлаган эди. 2018 йилда АҚШ ноқонуний тарзда ва бир томонлама тартибда ушбу битимдан чиқиб кетганидан буён бизнинг позитсиямиз ўзгаргани йўқ, Эронга бир томонлама ноқонуний санкциялар киритиш ва максимал босим ўтказиш сиёсатини амалга ошириш эса ушбу битим учун оғир фурсатга айланди”, — дейилади Россия, Хитой ва Эрон баёнотида.
Кенг қамровли қўшма ҳаракатлар режаси 2015 йил июлида Эрон, Буюк Британия, Германия, Хитой, Россия, АҚШ ва Франция томонидан тузилган бўлиб, унинг доирасида Теҳрон халқаро санкциялар олиб ташланиши эвазига ўз ядро дастурини чеклашга рози бўлганди. Бироқ 2018 йилда АҚШ битимдан чиқди ва Эронга нисбатан санкцияларни қайта тиклади. Бир йилдан кейин Теҳрон битим доирасидаги бир қатор мажбуриятларидан воз кечишга қарор қилиб, уранни бойитиш даражасини оширди ва унинг захираларини кўпайтирди.
Шарҳлар