Канада Навальнийнинг ўлими туфайли янги санкциялар жорий қилди
Канада мухолифатчи Алексей Навальнийга нисбатан “шафқатсиз муносабатга ва унинг ўлимига алоқадор бўлган” россиялик юқори мансабли амалдорлар ҳамда тергов органлари, жазони ижро этиш хизмати ва полиция ходимларига қарши санкциялар жорий қилди, деб ёзади “РБК” Канада ҳукумати сайтига таяниб.
Гап Навальнийнинг 2020 йилда “Новичок” туридаги асаб-фалаж моддаси билан заҳарланиши, 2021 йилда аэропортда қўлга олиниши, ахлоқ тузатиш колониясида сақланиши, унинг ҳуқуқларига риоя этилмагани, “унинг вафоти сабабларини ўрганишга қобил бўлмаслик ва жасадининг оиласига берилиши узоқ вақт кечиктирилиши” ҳақида бормоқда, дея аниқлик киритилади хабарда. Чекловлар 13 кишига нисбатан киритилди.
Навальний 16 февраль куни “Полярний волк” ахлоқ тузатиш колониясида вафот этганди. Ўлим ҳақидаги гувоҳномада унинг табиий сабабларга кўра ҳаётдан кўз юмгани айтилади. Шундан кейин АҚШ, Евроиттифоқ, Канада, Буюк Британия ва Австралия мансабдорлар, судьялар, ҳуқуқ-тартибот органлари ва ушбу колония ходимларига нисбатан санкциялар ҳақида эълон қилган эди.
Шарҳлар