Путин Россия ҳукуматининг янги таркибини тасдиқлади
Россия президенти Владимир Путин ҳукумат аъзоларини ва хизматлар директорларини тайинлаш тўғрисидаги фармонларни имзолади. Бу ҳақда Кремль сайтида хабар берилди.
Хусусан, Путин куч блоки вазирларини ва Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарини ўз лавозимларига тасдиқлади. Мудофаа вазири Андрей Белоусов бўлди, Ички ишлар вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарлари лавозимларини тегишли равишда Владимир Колокольцев ва Александр Куренков сақлаб қолди. Айни вақтда Сергей Лавров яна ташқи ишлар вазири сифатида қайта тасдиқланди, Константин Чуйченко эса Адлия вазирлиги раҳбарлигида қолди.
Биринчи марта вазир лавозимига тайинланганлар Антон Алиханов (саноат ва савдо вазири), Михаил Дегтяров (спорт вазири), Оксана Лут (қишлоқ хўжалиги вазири), Роман Старовойт (транспорт вазири) ва Сергей Цивилев (энергетика вазири) бўлди.
Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири, Николай Патрушевнинг ўғли Дмитрий Патрушев, шунингдек, собиқ транспорт вазири Виталий Савельев бош вазир ўринбосарларига айланди.
Бундан ташқари, Путин президент администрацияси раҳбариятини тайинлаш тўғрисида ҳам фармонлар имзолади. Хавфсизлик кенгаши собиқ котиби Николай Патрушев ва Тула вилояти собиқ губернатори Алексей Дюмин биринчи марта давлат раҳбарининг ёрдамчилари лавозимларини эгаллади.
Шарҳлар