Еврокомиссия Украинанинг Евроиттифоққа қўшилиши бўйича музокараларни июндаёқ бошлашни тавсия қилмоқчи
Европа комиссияси Украинанинг Евроиттифоққа қўшилиши ҳақидаги музокараларни бошлашни тавсия қилмоқчи, деб ёзади Financial Times муҳокаманинг боришидан хабардор бўлган учта манбасига таяниб.
Нашр суҳбатдошларининг айтишича, 7 июндаёқ Еврокомиссия Украина аксилкоррупция чоралари, сиёсий лоббилаштиришга чекловлар, мансабдорлар мол-мулкини декларация қилиш қоидалари ва миллий озчиликлар тиллари ҳимоясига алоқадор мезонларга аллақачон жавоб бераётганини эълон қилмоқчи.
Еврокомиссия шу тариқа, биринчи навбатда, Украинани қўллаб-қувватлашини билдирмоқчи ҳамда 1 июль куни Евроиттифоқдаги раислик Венгрияга ўтгунига қадар тавсияларни эълон қилиб, Киев билан музокараларни бошлашга шошилмоқда.
Венгрия Украинанинг Евроиттифоққа қўшилиши борасида музокаралар бошланишига қарши чиқиши кутилмоқда, хусусан, у венгер озчилиги ҳуқуқларига риоя қилиниши билан боғлиқ вазиятни пеш қилиши мумкин.
Шунингдек, Еврокомиссия Евроиттифоққа қўшилиш ҳақидаги музокараларни Молдова билан бошлашни тавсия қилмоқда, аммо яқинда норозиликларга сабаб бўлган “хорижий агентлар” ҳақидаги қонун қабул қилинган Грузия билан музокараларни ёқламаяпти.
Нашр манбаларига кўра, музокараларнинг илк раундини айни пайтда Евроиттифоқда раислик қилаётган Бельгия 25 июндаёқ ўтказмоқчи.
Шарҳлар