Европарламент Алексей Навальний ўлими муносабати билан резолюция қабул қилди
Европарламент томонидан қабул қилинган резолюцияда тўғридан-тўғри Алексей Навальний ўлдирилгани, унинг қотиллиги учун шахсан Россия ҳукумати ва Россия президенти Владимир Путин жавобгар экани айтилади.
Резолюцияни 506 та депутат қўллаб-қувватлади, 9 нафари қарши овоз берди, яна 32 нафари бетараф қолди.
Қуйида резолюциянинг асосий тезисларини келтирамиз:
- Россия ҳукумати ва Владимир Путин шахсан ўзларининг асосий рақиби Алексей Навальнийнинг ўлдирилиши учун жиноий ва сиёсий жавобгарликни ўз зиммаларига олади ва бундай шароитда Владимир Путиннинг қонунийлиги масаласини кўтариш учун асос бор.
- Европарламент Алексей Навальний ва унинг ҳамкасблари оиласига ҳамда унинг “Россия бўйлаб сон-саноқсиз тарафдорлари”га ҳамдардлик билдиради ва Юлия Навальнаяни турмуш ўртоғи бошлаган ишни давом эттириш истагини ва Алексей Навальний асос солган Коррупцияга қарши курашиш фондини қўллаб-қувватлайди.
- Алексей Навальнийга “ўзининг жасорати, харизмаси ва одамларни бирлаштира олиш қобилияти билан бошқалар эришмоқчи бўлган, аммо камчилик эриша олган” сиёсий етакчи сифатида ҳурматини изҳор қилади.
- Европа парламенти Россия ҳукуматини Алексей Навальнийнинг оиласига унинг жасадини қариндошлари хоҳлаган тартибда дафн этишга рухсат беришга чақиради, шунингдек, масъул шахслардан Алексей Навальний ўлимининг аниқ ҳолатлари бўйича мустақил ва шаффоф халқаро тергов ўтказилишини ва унинг шахсини аниқлашни талаб қилади.
- Европарламент “Россия сиёсий раҳбарияти”нинг жавобгарликка тортилишини ва Алексей Навальнийни жиноий таъқиб қилишда иштирок этган шахсларга нисбатан санкциялар қўлланилишини талаб қилади.
- Европа Парламенти Россияда ва ундан ташқарида “тоталитар репрессияларга” қарамай, “ҳақиқатни айтишни ва Россиянинг демократик ва тинч келажаги учун курашни” давом эттираётган барча одамлар билан бирдамлигини билдиради.
- Европарламент Россиядаги барча сиёсий маҳбусларни зудлик билан ва шартсиз озод қилишни талаб қилади.
Улашиш:
Шарҳлар