Россия Украина энергетика инфратузилмасига ҳужум қилди
Россия армияси Украинага ёппасига ракета зарбаларини берди, деб ёзади Meduza. 22 мартга ўтар кечаси бутун мамлакат ҳудудида ҳаво тревогаси эълон қилинди.
Энергетика вазири Герман Галушенко Россия зарбасини сўнгги вақтларда Украина энергетикасига берилган энг катта кўламли ҳужум деб атади. Унинг айтишича, турли вилоятларда генерация объектлари, электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш тизимлари жабр кўрган. Бир қатор ҳудудларда электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда.
Харьковда РФ ҳарбийлари энергетика инфратузилмаси объектларига 15 дан ортиқ зарбалар берди, дея маълум қилди вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов. Шаҳар деярли тўлиқ электрсиз ва сув таъминотисиз қолган.
Запорожьега 12 марта ракета зарбаси берилган, оқибатда еттита уй вайрон бўлиб, яна 35 таси зиён кўрган. Ярадорлар бор.
Шунингдек, Запорожье АЭС ўчиб қолиш ёқасида турибди — ҳужум чоғида босиб олинган АЭСни Украина бирлашган энергия тизими билан боғловчи “Днепр” электр узатиш ташқи ҳаво линияси ўчиб қолган.
Днепропетровск вилоятидаги Кривой Рог шаҳрида дронлар ва ракеталар ҳужуми оқибатида муҳим инфратузилма объектлари зарар кўрган.
Z-каналлар Днепр ГЭСга зарба берилгани ҳақида ёзмоқда. Россия ракетаси Днепр ГЭС тўғонидан юриб кетаётган троллейбусга келиб тушган, унда ишга кетаётган тинч аҳоли вакиллари бўлган.
“Укргидроэнерго” хабарига кўра, зарба Днепр ГЭС гидроиншоотларига ва тўғонига берилган. Станцияда ёнғин бошланган.
Винница, Львов, Ивано-Франковск, Николаев ва Суми вилоятларида ҳам муҳим инфратузилма объектларига зарар етган.
Шарҳлар