АҚШ Украинага 275 млн долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини ажратди
АҚШ Мудофаа вазирлиги Украинага 275 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини ажратишини эълон қилди, деб ёзади Медуза.
“Бу пакет — бизнинг Украинага Россиянинг Харьков остоналаридаги ҳужумларини қайтаришда ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатларимизнинг бир қисми. У Украинани унинг жанг майдонидаги энг зарур эҳтиёжларини қондириш учун қўшимча имкониятлар билан таъминлайди”, — дейилади муассаса баёнотида.
Пресс-релизга мувофиқ, ушбу пакет таркибига, хусусан, HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари учун ўқ-дорилар, артиллерия ўқлари, Javelin ва АТ-4 танкка қарши ракета мажмуалари, шунингдек, танкка қарши миналар, таъмирлаш-эвакуация машиналари, юқори аниқликдаги авиация ўқ-дорилари, ўқотар қуроллар ва бошқалар кирди.
Россия қўшинларининг Харьков вилоятига ҳужуми 10 май куни бошланди. Бир неча кун ичида Россия ҳарбийлари ўндан ортиқ аҳоли пунктларини эгаллаб олди. Уларнинг олға силжиши фонида баъзи Ғарб ОАВлари Украина АҚШга мурожаат қилиб, Россия ҳудудидаги объектларга зарбалар беришда Америка қуролидан фойдаланишга рухсат беришни сўрагани ҳақида хабар берди.
Шарҳлар