АҚШ Украинага 225 млн долларлик ёрдам пакетини ажратди
АҚШ президенти Жо Байден Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашувдан сўнг 225 миллион долларлик қўшимча ёрдам пакети ҳақида эълон қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Пакетга Patriot зенит-ракета мажмуаси батареяси, Himars баравар ўт очиш тизими учун ўқ-дорилар ҳамда Stinger зенит ракеталари киради.
АҚШ Мудофаа вазирлиги сайтидаги пресс-релизга кўра, бу 2021 йил августидан буён ҳисоб бўйича 61-ёрдам пакети ҳисобланади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:
- Битта Patriot батареяси;
- NASAMS зенит-ракета мажмуаси учун ўқ-дорилар;
- Stinger зенит ракеталари;
- Himars учун ўқ-дорилар;
- 155 ва 105 миллиметр калибрдаги артиллерия ўқлари;
- Javelin ва АТ-4 танкка қарши тизимлари ва бошқалар.
Украинада 2022 йил февралида жанговар ҳаракатлар бошланганидан буён АҚШ Украинага жами 53,7 миллиард долларлик ёрдам ажратган. 10 июль куни НАТО саммити доирасида Байден иттифоқдошлар 2025 йил давомида Украинага 40 миллиард евро ёрдам ажратиш мажбуриятини зиммасига олганини эълон қилди.
Шарҳлар