Захар Прилепин собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерациясига қўшиб олишни ва «унинг аҳолисига рус тилини ўргатиш»ни таклиф қилди

Россиялик ёзувчи, “Адолатли Россия” партияси аъзоси Захар Прилепин Ўзбекистон ва бошқа қўшни давлатларни Россияга қўшиб олишни таклиф қилди. Унинг фикрича, СССР парчаланиши ҳақидаги барча ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб топилиши ва қўшни давлатлар жуда кўп фуқаролари Россияга кетаётгани баҳонасида “шунчаки тўлиқ қўшиб олиниши” кераклиги ҳақида гапирган.

“Аслида мен ҳам меҳнат муҳожирлари бизга келган бу ҳудудларни бутунлай қўшиб олиш ва рус тилини жойида ўргатиш кераклигини чин дилдан ёқлайман. Бу ерда эмас, масалан, Ўзбекистонда. Мен жиддий гапиряпман, ҳазиллашаётганим йўқ, аҳмоқона ўйлаётганим ҳам йўқ”, — деди Прилепин.

Прилепин Россиянинг бунга ҳаққи борлигига ишончи комил, чунки унинг ҳудудида собиқ СССР давлатларидан кўплаб муҳожирлар яшайди.

«Биз Совет Иттифоқи парчаланишини рад этиш мавзусини кўтарамиз, бу бизга исталган вақтда айтишга имкон беради: «Сизнинг икки миллион фуқароларингиз бизнинг ҳудудимизда экан, биз сизнинг ҳудудингизга даъво қиламиз. Чунки бу ерда сизларнинг кўпчилигингиз ҳатто унга овоз бердингиз. Киевдаги параддан кейин Евроосиё ҳудудида фойдали иш қилишимизни ким тақиқлайди? Ҳеч ким», – деган у.

Аввалроқ Давлат Думаси депутати Пётр Толстой Россиядаги муҳожирларнинг даромадларини ўз ватанларида рус мактаблари қуришга сарфлаш ташаббуси билан чиққан, бунга “Миллий тикланиш” партияси етакчиси Алишер Қодиров қуйидаги фикрлар билан жавоб қайтарган:

“Биз бошқа йўлдан борамиз – уларга ўзбек тилини ўргатамиз. Ва сиз ўзингиз ишлашни ўрганасиз. Бу рус тилига ҳақиқий ҳурматга олиб келиши мумкин”.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.