Ўзбекистонда қидирувга берилган ва деразадан сакраб қочган қирғизистонлик депутат ҳибсга олинди
Қирғизистонда терговчилардан қочишга уриниб, парламент биносидаги кабинет деразасидан сакраган депутат Эмил Жамгирчиев бир ойга ҳибсга олинди, деб ёзади Tengrinews.kz.
Унга Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси тергов изоляторида ҳибсда сақланиш шаклидаги олдини олиш чораси кўрилди. Бундай чора чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ҳақидаги иш бўйича белгиланган. Жамгирчиев 26 февралга қадар ҳибсда қолади.
Депутатнинг ўзи қарорга рози эмаслигини ва адвокати билан унга қарши шикоят аризаси беришини айтди. Шунингдек, у ўзини айбдор деб ҳисобламаслигини ва унга қарши сурилаётган айбловларнинг ҳеч бирига рози эмаслигини билдирди.
Депутат суд залидан тўғри тергов изоляторига олиб кетилди.
Жамгирчиевга нисбатан 2022 йил декабрида Ўзбекистон билан давлат чегарасини ноқонуний равишда кесиб ўтиш ҳолати бўйича иш қўзғатилган. Ўзбекистонда эса иккита — давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ва фирибгарлик ҳолати юзасидан иш қўзғатилган.
Маълумот учун, Жамғирчиев 2022 йилнинг декабрь ойида ноқонуний тарзда Ўзбекистонга ўтиб, Тошкентга келиб, Салимбой номи билан танилган тадбиркор Салим Абдувалиевдан ёрдам сўраган. Ундан “икки дўсти”ни йўқ қилишга ёрдам беришини илтимос қилган. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг ўзи маълум қилганди.
Kaktus.media нашрининг таъкидлашича, қирғизистонликлар мамлакат президенти Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевни “икки дўст” деб аташади.
Тергов маълумотларига кўра, Жамғирчиев Жогорку Кенешнинг еттита ҳужжатини Ўзбекистондаги танишига топширган. Лекин бу ҳужжатлар нима ҳақда эканлиги номаълум.
Эмил Жамғирчиев Қирғизистонда жиноий иш юзасидан масалани ижобий ҳал этиш учун тадбиркордан пора олганликда айбланиб, қўлга олинган. Қирғизистонлик собиқ депутат 2023 йилнинг февраль ойида Ўзбекистонда қидирувга берилган.
Эслатиб ўтамиз, халқ орасида “Салимбой” ва “Салимбойвачча” лақаби билан танилган 73 ёшли тадбиркор Салим Абдувалиев 2023 йил декабрида Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисми (қонунга хилоф равишда ўқотар қурол сақлаш) бўйича гумон қилинувчи тарзида жалб этилиб, процессуал тартибда ушланган эди.
Шарҳлар