Зеленский: агар Украинада етарли миқдорда ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари бўлса миллионлаб қочқинларни уйга қайтаришимиз мумкин

Мюнхен хавфсизлик конференциясида сўзлаган Украина президенти Владимир Зеленский украиналик ҳарбийларнинг Авдеевкадан чекиниши уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун зарур эканлигини таъкидлади:

“Биз еримизни қайтариб олишимиз мумкин. Путин эса ютқазиши мумкин. Бу жанг майдонида бир неча марта содир бўлган. Бизнинг ҳаракатларимиз фақат кучимизнинг узоқ масофалилиги ва етарлигиги билан чекланган. Яъни, бизга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар билан. Авдеевкадаги вазият эса бунинг далилидир”.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, “Украинани сунъий равишда қурол-яроғ тақчиллиги, хусусан, артиллерия ва узоқ масофага мўлжалланган қуроллар тақчиллигида ушлаб туриш Путинга жанговар ҳаракатлар жадаллигига мослашиш имконини беради”.

У Украина учун Ғарб ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг аҳамиятини яна бир бор эслатди.

“Баъзилар Россия ракеталарига қарши самарали мудофаа йўқлигини айтишади. Аммо биз аниқ биламизки, Patriot ва бошқа Ғарб ҳаво мудофаа тизимлари Россиянинг исталган ракеталарини уриб тушира олади”, — деди Зеленский.

Унинг сўзларига кўра, «Агар Украинада ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етарли бўлса, биз миллионлаб украиналикларни, миллионлаб одамларимизни ва қочқинларимизни ватанимизга қайтара оламиз».

Владимир Зеленский ўз нутқида Владимир Путин ҳақида ҳам гапирди.

“Кеча у Мюнхен хавфсизлик конференцияси очилганида барчамизга аниқ сигнал юборишга уринди – Путин яна бир мухолифат етакчисини ўлдирди”, — деди Зеленский.

Украина президентининг сўзларига кўра, «Алексей Навальний ўлдирилганидан кейин Путинни Россия давлатининг гўёки қонуний раҳбари сифатида қабул қилиш бемаънилик».

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.