Зеленский америкалик сенаторлар билан Россияга ҳужум қилиш учун узоқ масофали ракеталар етказиб бериш масаласини муҳокама қилди
Украина президенти Владимир Зеленский америкалик сенаторлар Линдси Грем (республикачи) ва Ричард Блументал (демократ) билан учрашиб, Украина урушни тугатиш учун узоқ масофали қуролларга муҳтожлигини муҳокама қилди.
Сенаторлар Украинага Америка қуролларидан фойдаланишда кўпроқ мослашувчанликни таъминлашни қўллаб-қувватлаб, Оқ уйни Украина қуролли кучларига Россия ҳудудига зарбалар беришга рухсат беришга чақиришди.
Учрашувдан сўнг Грем Украина Қуролли кучларининг Курск вилоятидаги амалиётини олқишлаб, уни “жасур ва ёрқин” деб атади ва АҚШ маъмуриятини Украинани урушда ғалаба қозониши учун зарур бўлган қурол-яроғ билан таъминлашга чақирди.
Блументал, шунингдек, Россияга қарши узоқ масофага учувчи қуролларни қўллаш бўйича чекловларни бартараф этиш зарурлигини ҳам таъкидлади.
АҚШ Давлат департаменти вазиятни изоҳлар экан, Вашингтоннинг бу борадаги сиёсати ўзгаришсиз қолаётганини айтди. Украина расмийлари можаро авж олишидан қўрқишига қарамай, Россия ҳудудига зарба бериш учун Америка қуролларидан фойдаланишга рухсат беришни талаб қилишда давом этмоқда.
Шарҳлар