Зеленский ЕИ билан хавфсизлик тўғрисидаги келишувни имзолади

Украина ва Европа Иттифоқи ўртасида келишув имзоланиши Европа кенгаши йиғилишининг очилишида бўлиб ўтди. Ҳужжатда Украинани ҳарбий техника билан барқарор ва узоқ муддатли таъминлаш, ҳарбий тайёргарлик, мудофаа ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш, Европа ва Украина мудофаа саноати ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида сўз боради.

Келишувнинг бошқа бандлари: кибер ва гибрид таҳдидларга қаршиликни ошириш, миналардан тозалаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини қўллаб-қувватлаш, энергетика ва ядро хавфсизлигини қўллаб-қувватлаш, разведка маълумотлари ва сунъий йўлдош тасвирлари билан ўзаро алмашув. Бундан ташқари, Украинага Европа Иттифоқи томонидан макромолиявий ва гуманитар ёрдам, шунингдек, мамлакатни тиклаш ва ислоҳотларни амалга оширишда ёрдам кафолатланади.

Таъкидланишича, ҳарбий ёрдам ва хавфсизлик мажбуриятлари Киевга аъзо давлатлар сиёсати ва уларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда тақдим этилади.

Ўз навбатида, Украина ислоҳотларни давом эттириш, олинган ёрдам бўйича шаффофлик ва жавобгарлик чораларини кучайтириш ҳамда Европа Иттифоқи ва унинг мамлакатлари хавфсизлигига ҳисса қўшиш мажбуриятини олади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.