Зеленский Остин билан Украинанинг мудофаа эҳтиёжларини муҳокама қилди
Украина президенти Владимир Зеленский ва АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Сингапурда ҳар йили ўтказиладиган “Шангри-Ла диалоги” хавфсизлик форуми доирасида Украинанинг мудофаа эҳтиёжларини муҳокама қилди. Бу ҳақда 2 июнь, якшанба куни Зеленскийнинг ўзи Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Украина раҳбарининг сўзларига кўра, Пентагон раҳбари билан учрашувда Украина ҳаво мудофаасини кучайтириш, коалициянинг Киевни F-16 қирувчи самолётлари билан таъминлаш бўйича олиб бораётган ишлари, шунингдек, икки томонлама хавфсизлик келишувини ишлаб чиқиш ҳақида сўз юритилган.
Зеленский, шунингдек, АҚШ президенти Жо Байденга “Россиянинг жанговар ҳудудни кенгайтиришга уринишларига самарали қарши туриш учун душман ҳудудига Америка қуроллари билан мудофаа зарбаларини бериш бўйича муҳим қарор қабул қилгани” учун миннатдорчилик билдирди.
“Биз Украинанинг АҚШ томонидан кўрсатилаётган ҳаётий мудофаа ва сиёсий ёрдамини юксак қадрлаймиз”, — деди Зеленский.
Аввалроқ Зеленский Украинага уруш қандай якунланиши кераклигини айтишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини айтганди.
Шарҳлар