Зеленский Шольц билан тинчлик саммитини муҳокама қилди
Украина президенти Владимир Зеленский Германия канцлери Олаф Шольц билан суҳбатлашди. Улар, жумладан, жорий йилда Швейцарияда бўлиб ўтадиган тинчлик саммитини муҳокама қилишди, дея хабар беради Украина президентининг телеграм-канали.
Суҳбат доирасида Украинага яна бир қўшимча Patriot тизимини, шунингдек, мавжуд ҳаво мудофаа тизимларини тўлдириш учун ракеталарни етказиб бериш тўғрисидаги қарор тасдиқланди.
“Германия канцлери Олаф Шольц билан муҳим самарали суҳбат бўлди. Мен канцлердан Украинага яна бир қўшимча Patriot тизимини ва мавжуд ҳаво мудофаа тизимларини тўлдириш учун ракеталарни етказиб бериш тўғрисидаги қарори учун миннатдорман”, — деди президент.
Зеленскийнинг айтишича, суҳбат чоғида у Шольц билан июнь ойида Швейцарияда бўлиб ўтадиган илк Тинчлик саммитига тайёргарлик, шунингдек, Берлинда бўлиб ўтадиган URC2024 тиклаш бўйича конференцияга тайёргарликни муҳокама қилган.
“Етакчилигингиз учун раҳмат, Олаф! Бу биз учун муҳим пайтда Украинани қўллаб-қувватлашнинг ҳақиқий намоёнидир. Бошқа барча ҳамкор давлатлар раҳбарларини ҳам бундан ўрнак олишга чақираман”, – деди давлат раҳбари.
Аввалроқ Германия Украинага Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учун яна бир ишга тушириш мосламасини топшириши хабар қилинганди.
Шарҳлар