,

Зеленский Трампга аввал ўйлаб, кейин гапиришни маслаҳат берди

Фото: Украина президенти офиси

Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ собиқ президенти Дональд Трампнинг у қайта сайланган тақдирда, Украинадаги низо тезда якунланиши ҳақидаги гапига жавобан, унга “аввал ўйлаб, кейин гапириш”ни маслаҳат берди, деб ёзади “РБК”. Бу ҳақда Зеленский Давосдаги Бутунжаҳон иқтисодий форуми доирасида айтиб ўтди.

У шунчаки низолашаётган томонлар президентлари билан гаплашиш орқали бир кеча-кундуздаёқ Украина низосини ҳал қилишга ваъда берган Трампнинг гапларини эслатди. “Мен бу видеони кўрганим йўқ, лекин тушунишимча, қанақадир конференция бўлган ва у агар Путин тўхтамаса, Украинага кўпроқ қурол беришини, агар Украина тўхтамаса, қайсидир захираларни олиб қўйишини айтган”, — деди Украина раҳбари.

“Яъни унинг фикрича, низо тўхтатиб қўйилмаса, Путинга Украинага тўлиқ киришга қўйиб берилса, шунда у тўхтайди. Лекин Путин тўхтамайди… Шунинг учун маслаҳатим қуйидагича: отам менга доим айтганидек, аввал ўйлаб, кейин сўйлаш керак”, — дея таъкидлади Зеленский.

Зеленский Трампнинг низони тезкорлик билан ҳал қилиш бўйича режаси ҳақиқатдан йироқ эканини аввал ҳам айтганди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Трампнинг аввалги баёнотларини изоҳлар экан, АҚШ ҳақиқатан ҳам низони “бир кунда ёки икки кунда” бўлмаса ҳам, анча тез ҳал қилишга қодирлигини айтганди. Бунинг учун, унинг сўзларига кўра, “Киев режимига Вашингтон томонидан тегишли буйруқ берилса бас”, аммо АҚШ бунинг ўрнига Украинага қурол етказиб бермоқда.

Сулҳ жараёни бошланиши учун Киев Москвадан қўшинларини 1991 йилги чегараларга олиб кетишни ва низо якунланганини ҳужжатлар билан қайд этишни талаб қилмоқда. Россия унинг Донбасс, Қрим, Запорожье ва Херсон вилоятлари устидан суверенитетини ҳисобга олмайдиган ҳар қандай ярашув ташаббусларини рад этмоқда.

Аввалроқ АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп яна бир марта Украинадаги уруш билан боғлиқ вазиятни “жуда тез” ҳал қилишга ваъда берганди. У ўзи “яхши танийдиган” Украина ва Россия президентларини мулоқотга жалб эта олишига ишонч билдирди.

Россия президенти Владимир Путин эса Украина музокаралар жараёнидан чиқмаганида, Россия-Украина низоси бундан бир ярим йил аввал якунланган бўлишини айтганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.