Зеленский: Украина Россия устидан ғалаба қозониши учун бутун дунёдаги ресурслар ҳам етарли эмас
Украина президенти Владимир Зеленский Киев Россия билан ҳарбий тўқнашувга дош бера олиши учун бутун дунёдаги ҳарбий саноат мажмуаси ресурслари етарли эмаслигини айтди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Шу билан бирга, у Ғарбни “низо янада кенгайиб кетиши” олдини олиш учун Украинани қўллаб-қувватлашни кучайтиришга чақирди.
“Бутун дунёдаги ишлаб чиқариш ҳажми Украина армиясини Россия армияси билан урушга дош бериши учун артиллерия билан таъминлашга етарли эмас”, — деди Зеленский Швейцариянинг Давос шаҳрида Жаҳон иқтисодиёт форуми доирасида ўтказилган ўз матбуот анжуманида.
Унинг сўзларига кўра, бутун дунё саноати ҳозир Украинага ёрдам бериш учун ишлаган тақдирда ҳам, бу Россия армиясига қарши самарали жанговар ҳаракатлар олиб бориш учун етарли бўлмаган бўларди. “Масалан, 155 калибрли артиллерия. Бутун дунё, 155 калибрли артиллерия снарядини ишлаб чиқарувчи барча компанияларнинг ишлаб чиқариш қуввати Украинадаги урушни артиллерия билан таъминлаш учун етмайди”, — дея таъкидлади Зеленский.
Украина 2023 йил ёзидан буён кенг кўламли қарши ҳужумни амалга ошириб келганди. Владимир Зеленский Киев ўзи истаган натижага эриша олмаганини тан олди. Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний фикрича, низо боши берк кўчага кириб қолган, аммо Украина президенти бундай фикрда эмас. Олий радада “Халқ хизматчиси” фракцияси раҳбари Давид Арахамия Украина сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти музокаралардаги позицияси “жуда ёмон” бщлгани туфайли жанговар ҳаракатларни давом эттириш тарафдори бўлиб чиқаётганини тан олганди. УҚК маълумотларига кўра, Россия айни вақтда фронт чизиғида бир йўла бир нечта йўналишлар бўйича ҳужум олиб бормоқда.
Шарҳлар