Зеленский Залужний билан учрашиб, унга Украина ҚК бош қўмондони лавозимини тарк этишни таклиф қилган — ОАВ
Украинанинг “Зеркало недели” нашри даъво қилишича, президент Владимир Зеленский ва Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний учрашган ва унинг истеъфосини муҳокама қилган, деб ёзади Meduza.
Нашрнинг президент офисидаги ва Украина ҚК бош қўмондони атрофидаги манбаларига кўра, Зеленский ва Залужнийнинг учрашуви 29 январь, душанба куни бўлиб ўтган. Унда Зеленский Залужнийга Украина ҚК бош қўмондони лавозимини тарк этишни таклиф қилган.
Бунга жавобан Залужний “ким билан ишлашга қарор қилиш Олий бош қўмондоннинг ҳуқуқи экани”ни айтган.
Залужнийнинг ўзи истеъфога чиқиш ҳақида ариза ёзиш ниятида бўлмаган ва ёзмоқчи ҳам эмас, дейилади хабарда. Бош қўмондонни президент буйруғи билан лавозимидан олиш учун мудофаа вазиридан тегишли ҳужжат керак бўлади.
Журналистлар манбалардан Залужнийга истеъфога чиққан тақдирда бошқа қандайдир лавозимлар таклиф этилган-этилмагани ҳақида сўраган. Нашр суҳбатдошлари маълум қилишича, “пичоққа илинадиган ҳеч нарса” таклиф қилинмаган. Уларнинг сўзларига кўра, гап ёрдамчи ёки маслаҳатчи лавозими ҳақида борган.
Украина ОАВлари 29 январь куни кечқурун Валерий Залужний Украина ҚК бош қўмондони лавозимидан истеъфога чиққани ҳақида ёза бошлади. Бир қатор манбалар Залужнийнинг истеъфоси ҳақида келишилгани, аммо ҳозирча буйруқ билан расмийлаштирилмаганини маълум қилган бўлса, бошқалари буйруқ имзолангани, бироқ оммага эълон қилинмаганини даъво қилди.
Украина Мудофаа вазирлиги ва Зеленскийнинг матбуот хизмати ушбу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди. Зеленскийнинг ўзи кечки видеомурожаатида Залужнийни тилга олмади.
2023 йил кузидан буён Украина ва чет эл ОАВларида гўёки Зеленский ва Залужний ўртасида бўлган зиддиятлар муҳокама қилинмоқда. Украина президенти офиси зиддиятларни рад этди, у ҳақдаги мишмишларни эса Россия олиб бораётган ахборот урушига йўйди.
Шарҳлар