Такер Карлсон Зеленский билан интервью бўлиб ўтишини эълон қилди
Америкалик журналист Такер Карлсон Украина президенти Владимир Зеленский билан интервью ҳақида келишиб олганини маълум қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”.
Журналистнинг жамоаси ушбу суҳбатга эришиш учун икки йил, яъни Украинадаги жанговар ҳаракатлар бошидан буён ҳаракат қилиб келган. У интервью яқин орада чиқиши мумкинлигини қўшимча қилди.
“Биз икки йил уриндик, Путин билан февралдаги интервьюдан кейин янада қаттиқроқ ҳаракат қилдик. Биз америкаликларга ўз ватанларининг дунёдаги ҳолатини бутунлай ўзгартириб юборадиган низо ҳақидаги зарур ахборотни етказмоқчимиз”, — деб ёзди Карлсон Х ижтимоий тармоғида.
Эслатиб ўтамиз, 9 февраль куни Такер Карлсон Россия президенти Владимир Путин билан 2 соат-у 7 дақиқалик интервьюни эълон қилди. Суҳбат Россия ва АҚШ алоқалари, Украинадаги низо, шунингдек, Россия томонининг НАТО билан алоқасига бағишланди. Журналист Россия президенти билан гаплашиб олишга қарор қилганини америкаликлар Россияда ва Украинада бўлаётган воқеаларни билмаслиги билан изоҳлади. Кейинроқ Карлсон Зеленский интервью бўйича “кўп сонли сўровлар”ни рад этганини билдирди.
Шарҳлар