Зеленский Байденга Украинани қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди
Украина президенти Владимир Зеленский унинг мамлакати озодлик йўлидаги курашини “барқарор тарзда қўллаб-қувватлаб келган” АҚШ президенти Жо Байдендан миннатдор эканини айтди, деб хабар бермоқда DW. Бу ҳақда у 22 июлга ўтар кечаси Х ижтимоий тармоғида ёзди.
“Сўнгги йилларда кўплаб кучли қарорлар қабул қилинди, улар президент Байден томонидан қийин даврларга жавобан кўрилган қатъий чоралар сифатида эслаб қолинади”, — дея қайд этди Украина раҳбари.
Унинг қўшимча қилишича, у Байденнинг президентлик пойгасидан чиқиш борасида “бугунги оғир, аммо кучли қарори”ни ҳурмат қилади. “Оқ уй бизга мамлакатимизнинг Путин томонидан босиб олиниши олдини олишда ёрдам берди ва бу даҳшатли уруш мобайнида бизни қўллаб-қувватлашда давом этди”, — деб ёзди Зеленский.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Жо Байден янги муддатга қайта сайланишга ҳаракат қилмаслигини ва президент сайловидан ўз номзодини олиб ташлашини маълум қилди. У муддат охиригача президент лавозимида қолишини таъкидлади. Байден, шунингдек, ўз вице-президенти Камала Харрисни давлат раҳбари сайлови учун номзод сифатида “тўлиқ қўллаб-қувватлаши”ни билдирди.
Шундан кейин АҚШ вице-президенти Камала Харрис Демократик партиядан президентликка номзодини қўйишга эришишини маълум қилди. Харрис Байденнинг оқ фотиҳасини олиш унинг учун шараф эканини таъкидлади.
Шарҳлар