“Ғарблик шерикларимиз Украинанинг жавоб зарбаларини қўллаб-қувватлаши керак”. Зеленский — Россия нефть заводларига ҳужумлар танқид қилинаётгани ҳақида
Украина президенти Владимир Зеленский ғарблик шериклар Украина ҳудудларининг ўққа тутилаётганига жавобан, Россия инфратузилмасига берилаётган зарбаларни қўллаб-қувватлаши керак, деб ҳисоблайди. Шу тариқа у Татаристонга дронлар ҳужумидан кейин БМТнинг Россия фуқаролик инфратузилмасига зарбаларни бас қилишга қаратилган чақириғини изоҳлади.
Зеленский “нуқул ниманидир қоралайдиган турли халқаро ташкилотлар”га миннатдорлик билдирди. У ушбу ташкилотлар вакилларига аввал Россия қўшинлари мунтазам ўққа тутиб келадиган Харьковга келиб, шундан кейин “нимадир ҳақида ҳукм чиқариш”ни таклиф қилди.
“Менимча, Харьковда қандай жон сақлаш, одамлар қандай қилиб чироқсиз, сувсиз кун кечираётганини ниҳоят тушуниб етиш учун аввал бу ерга келиб кўриш керак, кейин қарор беришсин, қораласа бўладими, йўқми. Россия кучдан ташқари, ҳеч нарсани тушунмайди.
Ҳудудимизнинг ноқонуний босиб олиниши, энергетикамизга зарбалар, блэкаутлар, инфратузилмамизнинг, гидроэлектр станцияларимизнинг портлатилиши — умуман шу икки йил мобайнида бошимиздан кечирган ҳодисалар бўйича барча қоралаб чиқишларни эшитдик, лекин улар Россия ҳужумларининг камайишига олиб келмади.
Бу шундан гувоҳлик берадики, бу одамлар фақатгина кучли жавоб бўлса, англайди, шу сабабли, менинг фикримча, ғарблик шерикларимиз Украина томонидан берилаётган жавобларни қўллаб-қувватлаши керак”.
Украина ҳарбий разведкаси маълумотларига кўра, 2022 йилдан буён Россия нефтни қайта ишлаш заводларига камида 12 марта ҳужум қилинган (2024 йилда камида 9 марта). Март ўрталарида Киев икки марта дронлар ёрдамида энг йирик ҳужумларни амалга оширди, натижада кетма-кет бир неча кун ичида Россиянинг еттита энергетика объектига муваффақиятли зарбалар берилди.
Шундан кейин АҚШ ҳукумати Украинани Россия энергетика инфратузилмасига ҳужумларни бас қилишга чақирди. Украинанинг Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига зарбаларига нисбатан АҚШнинг муносабати ижобий бўлмаганини Зеленский ҳам тасдиқлади.
Шарҳлар