ЖҚҚТ: РФ Украинанинг тинч аҳолисига қарши жиноятларни содир этмоқда

Фото: DW

Жаҳон қийноқларга қарши ташкилоти (ЖҚҚТ) Россия армияси ва Россия ҳукуматини 2022 йилда Украина областларида тинч аҳолига қарши содир этилган инсониятга қарши жиноятларда айблади. Бу ҳақда ташкилотнинг янги ҳисоботида сўз боради, дея хабар беради DW.

Ҳужжат ЖҚҚТ томонидан украиналик ҳамкорлар – “Инсон ҳуқуқлари бўйича медиа ташаббуси” ва ZMINA Инсон ҳуқуқлари маркази билан биргаликда тайёрланган.

Унда россияликлар томонидан Украинанинг вақтинча босиб олинган областларининг тинч аҳолига қарши жиноятлари кенг тарқалганлиги, хусусан, тизимли равишда ҳибсга олишлар, қийноқлар, жинсий зўравонлик ва одамларнинг ғойиб бўлиши каби жиноятлар ҳақида хабар берилган.

Сўз алоҳида ҳолатлар ҳақида эмас, балки Россия давлатининг энг юқори даражасида ташкил этилган кенг кўламли ва мувофиқлаштирилган тадбирлар ва мақсадли сиёсат ҳақида бормоқда, дейди ҳисобот муаллифлари.

Руҳий ва жисмоний ҳолатида акс этадиган узоқ муддатли оқибатлар

Ҳужжатда Россиянинг Украинага қарши урушининг биринчи йили – 2022 йилнинг февралидан октябригача бўлган даври ўрганилган ҳамда 63 қурбон ва гувоҳлар билан суҳбатларга асосланган. 38 та ҳолатда қийноқлар қўлланилган, респондентларнинг 18 фоизи жинсий зўравонликка дучор бўлган.

Кўпгина интервью иштирокчилари улар билан содир бўлган воқеани ҳаётларидаги энг даҳшатли давр деб аташган. Тажриба қурбонларнинг руҳий ва жисмоний ҳолатида акс этидиган узоқ муддатли оқибатларни кўрсатди, бу оғир вазн йўқотишига, ўз жонига қасд қилишга уринишларга ва баъзи ҳолларда қийноқлар ёки шафқатсиз муносабат туфайли ўлимга олиб келган.

Россияликлар томонидан жиноятлар Киев, Чернигов, Запорожье, Херсон, Харьков ва Донецк вилоятларида содир этилган.

Россия бу инсон ҳуқуқлари бузилишини тўхтатиши керак, дейилади ЖҚҚТ ўз веб-сайтида эълон қилган баёнотда.

Муаллифлар, шунингдек, Украина, Халқаро жиноий суд ва бутун халқаро ҳамжамиятни қийноқлар ва шафқатсиз муносабат ҳолатларини текшириш, ушбу жиноятлар учун айбдорларни жавобгарликка тортиш, халқаро ҳуқуқий механизмлар орқали адолатни таъминлаш учун зудлик билан аралашишга чақирган.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.