Жабалияда ўз танкларининг зарбаси натижасида беш нафар Исроил аскари ҳалок бўлди
Исроил ҳарбийлари ва оммавий ахборот воситаларига кўра, чоршанба куни Ғазо секторида Исроилнинг 202-парашют-десант бригадаси батальонининг беш нафар аскари ўз танкидан ўққа тутилиши оқибатида ҳалок бўлган.
Бу анклав шимолидаги Жабалия шаҳрида содир бўлган, у ерда Исроил қўшинлари Хамас жангариларига қарши операция ўтказмоқда. Ҳарбийлар воқеа тафсилотлари ва сабабларини ўрганаётганини айтади.
Бироқ, дастлабки тергов шуни кўрсатдики, аскарлар Жабалия қочқинлар лагерида жойлашган Исроил танкларидан бир неча ўн метр узоқликдаги бинони эгаллаб олишган. Танк экипажлари бинода қуролни кўриб, икки марта ўқ узган.
Яна етти нафар аскар жароҳатланган, улардан уч нафари оғир яраланган.
“ЦАХАЛ” аввалроқ Жабалиядан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетган, бироқ душанба куни Хамас жангарилари бу ерда қайта тўпланганини айтиб, исроилликлар шаҳарга яна кириб келганди.
“ЦАХАЛ” шанба куни Жабалияга ҳаво ҳужумларини бошлаганидан бери ўн минглаб тинч аҳоли ўз уйини тарк этган.
Шарҳлар