Жала ёмғирлари Дубай ва Уммонни сувга ғарқ қилди: ҳалок бўлганлар бор

Фото: AP

Сешанба куни Бирлашган Араб Амирликларида ғайриоддий кучли ёмғир ёғиб, йирик магистралларнинг бир қисмини сув босган ва автомобилчиларни Дубай йўлларида машиналарини ташлаб кетишга мажбур қилган. Жиддий сув тошқинларини бошдан кечираётган қўшни Уммонда қурбонлар сони 18 нафарга етган, бедарак йўқолганларни қидириш давом этмоқда.

Ёмғир кечаси бошланган ва кўчаларни шиддат билан оқаётган дарёларга айлантирган. Кучли шамол сабабли дунёнинг энг гавжум аэропорти ҳисобланган Дубай аэропорти ишламай қолган. Сешанба куни кечқурун Дубайда тахминан 120 миллиметр ёмғир ёғган, бу чўл минтақасида одатда бир йилда ёғадиган ёмғирга тенг.

БААнинг етти амирлигидаги мактаблар довул олдидан ёпилган. Давлат хизматчилари асосан масофавий ишлашга ўтган. Яқин соатларда ёғингарчилик давом этиши кутилмоқда, бу эса вазиятнинг янада ёмонлашишига олиб келиши мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.