Жанубий Корея КХДРнинг Украинага армия жўнатиш режалари ҳақида билдирди

Фото: Pedro Pardo / AFP

Шимолий Корея Россияни қўллаб-қувватлаш учун Украинага мунтазам қўшинларини юбориши мумкин, деди Жанубий Корея мудофаа вазири Ким Ён Хён парламентда чиқиши чоғида. У июнь ойида Владимир Путиннинг КХДРга ташрифи чоғида Москва ва Пхеньян ўртасида имзоланган ҳар томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги битимга тўхталиб ўтди. Ушбу ҳужжатда томонлардан бирига ҳужум содир бўлган тақдирда ҳарбий ёрдам кўрсатиш қоидалари ҳам мавжуд.

“Россия ва Шимолий Корея ҳарбий иттифоққа ўхшаш ўзаро келишувни имзолагани боис, бундай жойлаштириш эҳтимоли катта”, – дея вазирнинг сўзларидан иқтибос келтирган Yonhap агентлиги. Ким Ён Хён, шунингдек, Украина қуролли кучларининг Донецк областининг босиб олинган қисмига берган зарбаси натижасида олти нафар шимолий кореялик зобитнинг ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумот ҳақиқат бўлиши мумкинлигини айтди.

4 октябрь куни Kyiv Post газетаси Украина разведкасига таяниб, Украина Қуролли кучларининг Донецк областидаги Россия ҳарбий объектига ракета зарбаси уюштириши натижасида 20 дан ортиқ ҳарбий хизматчи, жумладан, олти нафар шимолий кореялик зобит ҳалок бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди. Яна уч нафар Шимолий Кореялик аскар яраланган. Нашрнинг ёзишича, зарба беришдан олдин Россия Мудофаа вазирлиги вакиллари шимолий кореялик меҳмонларга Россия қўшинларининг ҳужум ва мудофаа ҳаракатларига тайёргарлиги кўргазмасини тақдим этган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.