Жанубий Корея парламентидаги мухолифот Украинага қурол-яроғ етказиб беришга қарши — FT

На фото: учения армии Южной Кореи / ZUMAPRESS.com

Мамлакат парламентида кўпчилик ўринларни эгаллаган Жанубий Кореянинг мухолиф партиялари Украинага қурол-яроғ юборилишига қарши чиқди, президент офиси эса таъминотга мойил бўла бошлади. Бу ҳақда Financial Times таҳлилчилар ва дипломатларга таяниб хабар беради.

Шу пайтгача Сеул Украинага ноҳарбий ёрдам бериш билан чекланиб келган. Бироқ, Шимолий Корея қўшинларини фронтга жўнатгандан сўнг, Жанубий Корея ҳукуматининг Украинага қурол етказиб бериш бўйича позицияси жуда мўътадил бўлсада, “ўзгарди”, дейди Сеулдаги европалик дипломат FT нашрига.

Нашрнинг ёзишича, Жанубий Корея президенти офиси Шимолий Кореянинг Украинадаги урушдаги иштирокини Жанубий Корея учун бевосита хавфсизликка таҳдид деб ҳисоблайди, чунки унда Шимолий Корея аскарлари ҳақиқий жанговар тажрибага эга бўлади. Бундан ташқари, Сеул Москва қўшинлари эвазига мураккаб ҳарбий технологияларни Пхеньян билан бўлишиши мумкинлигидан хавотирда.

Нашр суҳбатлашган экспертларга кўра, КХДР ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик чуқурлашса, Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл Украинага қурол етказиб берилишини эълон қилиши мумкин.

Бироқ, FT таъкидлашича, Юн Сок Ёл Жанубий Кореянинг консерватив партияси вакили, парламентда эса кўпчилик ўринларни (300 тадан 192 таси) мухолиф партиялар эгаллайди. 172 ўринни Украинага қурол етказиб беришга қарши бўлган Демократик партия эгаллаган. Уларнинг фикрича, президентнинг Шимолий Кореяга нисбатан қаттиқ позицияси Пхеньянни Москва билан яқинлашишга ундамоқда.

Жанубий Корея ҳукумати чет эллик ҳамкорлар ўртасида қолиб, ундан кўпроқ нарсани талаб қилмоқда, мухолифат эса камроқ қилишни талаб қилмоқда, дейди Сеулдаги Korea Pro ахборот хизматининг етакчи таҳлилчиси Чонмин Ким.

Мутахассисларнинг фикрича, Жанубий Кореяда Украинада қўлланилаётган қуролларга мос келадиган улкан қурол-аслаҳа мавжуд.

«Корея компаниялари нафақат Украинага ёрдам бериш учун идеал бўлган жаҳон миқёсидаги қуролларни ишлаб чиқаради, балки улар зарур қуролларни [жабҳада] ўзгаришларга олиб келиши мумкин бўлган тезликда етказиб бериш учун ишлаб чиқариш қувватига эга», – дейди АҚШнинг Сеулдаги элчихонаси собиқ сиёсий маслаҳатчиси Генри Хаггард.

Жанубий Корея аллақачон билвосита АҚШ Украинага етказиб берадиган Америка захираларини 155 миллиметрли артиллерия снарядлари билан тўлдириш орқали ёрдам берган.

“Жанубий Корея Украинага учинчи томонлар орқали бўлса ҳам, Европанинг барча мамлакатлари бирлашганидан кўра кўпроқ артиллерия снарядлари етказиб берди”, – деди Лондон Қироллик коллежининг Корея бўйича эксперти Рамон Пачеко Пардо.

Шу ҳафта Жанубий Корея ва Украина Шимолий Корея қўшинларининг Россияга киритилишига жавобларини муҳокама қилди. Жанубий Корея Киевга Шимолий Корея ҳарбийларининг ҳаракатларини кузатувчи делегацияни юбормоқчи. Киев қўшма ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун ўз делегациясини Сеулга юборишга ваъда берди.

Жанубий Кореянинг “Рёнхап” ахборот агентлиги ўз манбасига таяниб ёзишича, Жанубий Корея Киевга 155 миллиметрли снарядларни юбориш режасини кўриб чиқмаяпти, чунки Украинадан тегишли сўров бўлмаган.

Жанубий Корея президентининг ўзи “қўл қовуштириб ўтирмаслигини” ва “КХДР ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик даражасига қараб” Украинага қурол юбориш вариантини кўриб чиқиши мумкинлигини айтган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.