Жанубий Кореяда ит гўштига тақиқ жорий этилди

Жанубий Корея парламентининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси ит гўштини тақиқлашга қарор қилди. Бу ҳақда Yonhap хабар беради. Қонун лойиҳаси Жанубий Корея парламенти томонидан тасдиқланганидан кейин кучга киради.

Ҳужжат итларни истеъмол қилиш мақсадида кўпайтириш ёки сўйишни, шунингдек, ит гўштини тарқатиш ва сотишни бутунлай тақиқлайди. Қонун лойиҳасига кўра, итларни гўшт учун боққанлар икки йилгача қамоқ ёки 20 миллион вондан (15 минг доллар) 30 миллион вонгача (22,8 минг доллар) миқдорда жаримага тортилиши мумкин.

Жазо фақат уч йиллик имтиёзли даврдан кейин қўлланади. Бу вақт ичида ит гўштини етиштирувчи фермалар, дистрибюторлар ва ресторанлар ҳудудий ҳокимият органларида рўйхатдан ўтишлари керак бўлади. Маҳаллий ҳокимият органлари бундай корхоналарни ёпадиган бизнесларни қўллаб-қувватлаш чораларини кўради.

Жанубий Корея расмийларига кўра, 2023 йилда бутун мамлакат бўйлаб 1150 га яқин ит фермаси фаолият юритган. Шу билан бирга, Korean Herald нашри ижтимоий сўровларга таяниб хабар беришича, жанубий кореяликларнинг 93,4 фоизи ит гўштини истеъмол қилишга қарши. Ўтган йили бу кўрсаткич 88,6 фоизни ташкил этган эди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.