Жанубий Кореяда нима содир бўлмоқда: ҳокимият инқирози, ҳарбий ҳолатнинг бекор қилиниши ва импичмент таҳдиди
Жанубий Корея президенти Юн Сек Ёл аввалроқ мамлакат парламенти томонидан бир овоздан рад этилган ҳарбий ҳолат жорий этиш ҳақидаги фармонини бекор қилди. Бу қарор ички ва халқаро миқёсда кескин танқидларга сабаб бўлиб, унинг сиёсий келажагига шубҳа уйғотди. Юн ўзининг дастлабки телемурожаатида бу фармонни “давлатга қарши кучлар”га қарши кураш ва мамлакатда барқарорликни тиклаш учун зарур чора сифатида асослади. Бироқ парламент ва кенг жамоатчиликнинг қаршилигига дуч келган ушбу қарорини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлди.
Ҳарбий ҳолат 1979 йилги ҳарбий тўнтаришдан кейин мамлакатда биринчи марта жорий этилган. Бу Жанубий Корея сиёсатчилари ва халқаро иттифоқчилар, жумладан, АҚШ ўртасида кескин реакцияга сабаб бўлди. АҚШ Миллий Хавфсизлик Кенгаши вакили Юннинг қароридан хавотирдалигини билдирди, кейин унинг орқага чекингаби ва буйруқни бекор қилганини олқишлади. Мутахассисларнинг фикрича, фармон нафақат ички можароларни кучайтирган, балки Сеулнинг асосий иттифоқчилари билан муносабатларига таҳдид солган.
Парламентдаги овоз бериш чоғида вазият чегарага етди, 300 депутатдан 190 нафари фармонга қарши чиқди. Намойишчилар парламент олдига тўпланишган, ҳарбий вертолётлар тепада айланиб учган ва аскарлар оломонни назорат қилишга уринган. Кейинчалик қўшинлар олиб чиқилди ва депутатлар президентнинг режасини қатъиян рад этишларини тасдиқладилар.
Мухолифатдаги Демократик партия етакчилари президентни конституцияни бузганликда айблаб, унинг ҳаракатларини “хиёнат” деб атаган ва зудлик билан истеъфога чиқишини талаб қилган. Шунингдек, агар Юн ўз ихтиёри билан истеъфога чиқмаса, импичмент жараёнини бошлаш ниятида эканликларини эълон қилишган. 40 дан ортиқ мухолифат қонунчилари бу талабни қўллаб-қувватлаган. Ҳатто ҳукмрон “Халқ кучи” партияси ичида ҳам унга қарши овозлар янгради. Партия раҳбари Хан Донг Хун президентни мудофаа вазири ва ҳарбий ҳолат жорий қилган бошқа амалдорларни ишдан бўшатишга чақирди.
Ушбу воқеалар фонида Жанубий Корея иқтисодиёти жиддий стрессни бошдан кечирди. Илгари кескин пасайиб кетган миллий валюта фармон бекор қилингани эълон қилингач, 1,4 фоизга тикланди. Кейинги иқтисодий инқирознинг олдини олиш учун мамлакат ҳукумати бозорларни қўллаб-қувватлаш учун барқарорлаштириш жамғармаларидан 35,4 миллиард долларгача фойдаланишга тайёрлигини маълум қилди.
Ҳозир Юннинг сиёсий келажаги сўроқ остида. Иқтисодиётнинг секинлашуви туфайли аллақачон паст бўлган рейтинглари пасайишда давом этмоқда. Танқидчилар уни авторитар бошқарувда айблаб, ўтмишдаги ҳарбий раҳбарларга қойил қолишини асослаб, ҳарбий ҳолат жорий этилиши унинг мухолифат ҳукмрон бўлган парламент билан зиддиятларининг авж нуқтаси бўлганини айтишади.
Собиқ прокурор Юн парламентдаги чап кўпчиликни Шимолий Кореяга хайрихоҳликда ва ҳатто исён кўтаришга уринишда айблади. Унинг фармони билан ҳар қандай сиёсий фаолият, жумладан, парламент йиғилишлари, маҳаллий ҳокимият органлари фаолияти, намойишлар ўтказиш амалда тақиқланган. Бу ҳаракат кенг кўламда қораланди ва унинг маъмуриятига қарши норозиликларни кучайтирди.
«Financial Times» иқтибос келтирган «Ewha Womans» университети профессори Леиф-Эрик Эслининг айтишича, Юннинг ҳаракатлари кўпайиб бораётган жанжаллар, сиёсий тўсиқлар ва импичмент таҳдиди билан курашаётган президентнинг умидсизлигини кўрсатади. Кам жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланаётгани ва ўз партиясида кучли қўллаб-қувватланмаганлиги сабабли, Юннинг ўз лавозимини 2027 йил, муддатининг охиригача сақлаб қолиши шубҳали кўринади.
Шарҳлар