ЖССТ: Маймун чечаги COVID-19 пандемияси даражасида глобал муаммо туғдирмайди

Foto: uzreportnews

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге дунёнинг қатор мамлакатларида мпох (маймун чечаги) вируси тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазият юзасидан баёнот берди.

Унинг қайд этишича, ваҳимага берилишга ҳожат йўқ. Мпох эпидемиясини тўхтатиш имкони бор. Бунинг учун зарур профилактик чора-тадбирлар кучайтирилиши керак. Инфекция ўчоқлари аниқланган ва вирус тарқалиши хавфи юқори ҳудудларда вакциналар таъминотини ошириш лозим.

“Маймун чечаги коронавирус даражасидаги ўта жиддий муаммо эмас, биз мпох вируси билан қандай курашишни биламиз” — дейди Ханс Клюге.

Баёнотга кўра, июн ойи охирига келиб, жами 116 мамлакат, жумладан, Марказий Африка Республикаси, Бурунди, Кения ва Руандада касалланиш ҳолатлари қайд этилган.

Ҳозир қатор давлатларда вируснинг «Clade Ib» деб номланган янги штамми тарқаляпти. Ушбу мутация Конго Демократик Республикасида 500 кишининг ўлимига сабаб бўлди. Август ойи бошида Швецияда ҳам маймун чечагининг худди шу турини юқтирган беморлар рўйхатга олинди.

Британиялик олимлар фикрича, «Clade Ib» мутацияси бошқа штаммларга қараганда юқумлироқ ва нисбатан оғирроқ асоратларни келтириб чиқаряпти.

Шунга қарамай, Х. Клюге мпох вирусининг ҳар қандай штаммини тегишли эпидемиологик чора-тадбирлар ҳамда хасталикка қарши вакциналар орқали назорат қилиш ва жиловлаш мумкин, деган хулосада.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.