Журналистлар УҚК Курск областига ёриб кирганидан кейин қариндошлари излаётган 22 нафар муддатли чақирувдаги аскарни идентификациялади

Фото: УНИАН

“Важные истории” журналистлари ижтимоий тармоқларда Курск областида бедарак йўқолган россиялик ҳарбий хизматчиларни қидириш ҳақида ўнлаб хабарларни топди. Улардан 22 нафарининг шахси аниқлангани айтилмоқда.

Йўқолган муддатли чақирувдаги аскарлр 12721-ҳарбий қисмнинг 488-полкида хизмат қилган. У Брянск областида жойлашган, деб ёзади нашр. Ваҳоланки, унда турли областлардан, жумладан Кострома областининг 20 минг аҳолисига эга Шарья шаҳридан 3 нафар муддатли чақирувдаги аскар хизмат қилган.

Бундан ташқари, “Важные истории” мақомини аниқлаб бўлмаган яна 12 нафар ҳарбий хизматчи қидирилаётгани ҳақидаги хабарларни топишга муваффақ бўлди. Улар ҳам 488-полкда хизмат қилишган.

Журналистлар Украина асирлигида олинган видеога тушиб қолган етти нафар ҳарбий хизматчининг исмини ҳам аниқлашга муваффақ бўлди.

Курск областида жами камида 29 нафар муддатли хизматга чақирилган аскар асирга олинган. Бу рақам “Вёрстка” нашри томонидан илгари эълон қилинган рақамга тўғри келади.

Бир кун олдин Владимир Зеленский “бир неча юз” рус аскари ҳужум ҳафтаси давомида Украина Қуролли кучлари томонидан асирга олинганини айтганди.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.