Россия ҳужумидан кейин Харьков вилоятидаги Змиёв ИЭС бутунлай вайрон бўлди
Украинанинг Харьков вилоятида жойлашган Змиёв иссиқлик электр станцияси бутунлай вайрон бўлган, деб ёзади “Коммерсантъ” “Центрэнерго” компаниясига таяниб. Ушбу энергия объекти 22 март куни уюштирилган ракета ҳужуми оқибатида зарар кўрган.
“Барча блоклар йўқ қилинган, ёрдамчи ускуналарга зарар етган. Вайронагарчилик даражаси турлича, тўлиқдан тортиб, аҳамиятли даражагача”, — дейилади “Центрэнерго” хабарида.
Корхонада вайроналарни тартибга келтириш давом этмоқда. Ходимларда ускуналарнинг катта қисмидан фойдаланиш имконияти мавжуд эмас. Компания зарар кўламини, қайта тиклаш учун зарур маблағни аниқроқ баҳолаш ва таъмирлаш муддати бўйича прогноз бериш имконига эга эмас.
Змиёв ИЭС ҳудудига энергетика вазири Герман Галушченко келиб, “максимал даражада ёрдам бериш”ни ваъда қилди.
22 март куни Украина ҳарбий ва энергетика объектларига ракета ва дронлар билан ёппасига зарбалар берилганди. Шундан кейин Украина ҳукумати Днепр ГЭС ва бошқа энергетика объектлари ишдан чиққанини маълум қилганди.
Шарҳлар