Ўзбекистонда «Евроцемент груп» компаниясининг мулки ва ҳисоблари хатланди

Ўзбекистонда «Евроцемент груп» компаниясининг мулки ва ҳисоблари хатланди

Тошкент вилоят хўжалик суди “Евроцемент груп” компанияси томонидан назорат қилинадиган “Оҳангаронцемент” ОАЖнинг (Оҳангарон, Тошкент вилояти) мулки ва ҳисобрақамларини хатлаш тўғрисида қарор чиқарди, деб ёзади “РИА Новости”.
 
Ҳозир корхона 414 млрд сўм (Ўзбекистон МБ курси бўйича 180 млн доллар) миқдоридаги пул маблағлари хатлангани боис маҳсулотни юклаш ишларини тўхтатишга мажбур. Суд қарори “Оҳангаронцемент”ни хусусийлаштириш ҳақиқий эмас деб тан олиниши ҳақидаги даъво билан боғлиқлиги маълум қилинади.    
 
Ўтган душанба куни Тошкент вилоят хўжалик суди Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш бўйича давлат қўмитасининг “Оҳангаронцемент”ни 1994 йил август ойида хусусийлаштириш якунлари ноқонуний деб тан олиниши ҳақидаги даъвони қондирган эди. Айни пайтда завод акциядорлари ушбу қарорга апелляция бериш учун ҳужжатларни тайёрламоқда.
 
Қайд этиб ўтамиз, шу йил баҳорида Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва молия органлари корхонани режадан ташқари текширувдан ўтказган. Унинг натижалари бўйича қонунбузарликлар аниқланмаган.  
 
2006 йил августида “Евроцемент груп” Швейцариянинг “Zeromax GmbH” компаниясидан “Оҳангаронцемент” заводи акцияларининг 75,6% ни сотиб олган.  
 
Айни пайтда Россия компанияси корхона акцияларининг 83,92% га эга, миноритар акциядорларга эса акцияларнинг 16,08% тегишли.
 
Мазкур корхона 1961 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган республикадаги энг йирик цемент ишлаб чиқарувчи заводлардан бири ҳисобланади. 1994 йили корхона очиқ акциядорлик жамиятига айлантирилган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.