Ўзбекистонда атом электр станцияси қуриладими?

Ўзбекистонда атом электр станцияси қуриладими?

 «Ўзбекистон ҳукумати яқин йиллар ичида республика ҳудудида атом электр станциясини қуриш имкониятини кўриб чиқмоқда. Ҳозирча лойиҳа ҳақида маълумот кўп эмас. АЭС қуриладиган жой ҳам аниққа ўхшайди: экспертлар Ўзбекистоннинг шимоли-шарқий қисмини, Айдаркўл яқинидаги жойни кўрсатмоқда. Бу ернинг табиий-иқлим зонаси иншоотни қуришнинг дастлабки шартларига идеал тарзда мос келади: реакторларни совутиш учун сув бор, бундан ташқари, бу ердан туриб аҳолиси зич бўлган Тошкент, Бухоро ва Самарқанд каби шаҳарларни арзон электр энергияси билан таъминлаш мумкин», деб ёзади Lenta.ru.

Шу ўринда Anhor.uz таҳририяти Ўзбекистон ядросиз зона аъзоси эканини эслатади, бундай зонани яратишни 1993 йили Президент Ислом Каримов таклиф этган эди. Тўғри, у пайтда сўз ядро қуроли ҳақида борганди:

«Ядро қуролидан холи зоналар уларнинг тарқалишини чеклаш ва бўлғуси эҳтимолий ядро ҳалокатларига муносабат билдиришнинг энг самарали йўлларидан бирига айланди, ядровий хавфсизликни таъминлаш ва тарқатмаслик режимини мустаҳкамлаш эса бутун дунё тўқнаш келаётган халқаро хавфсизликнинг муҳим масалаларидан бирига айланди», – деганди май ойида Ўзбекистон Республикасининг БМТдаги доимий вакили Музаффар Мадраҳимов.

Сал олдинроқ эса Марказий Осиёда ядровий қуролдан холи зона ҳақидаги шартномага Хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги баённома имзоланди. Унга кўра Буюк Британия, Хитой, Россия, АҚШ ва Франция Марказий Осиёнинг ядросиз мақомини ҳурмат қилиш, минтақадаги мамлакатларга нисбатан ядро қуролини қўлламаслик ва уни қўллаш таҳдидларини ишлатмаслик мажбуриятини олган.

Бу йил Ўзбекистонда ядро ёнилғиси қолмаганини (апрель ойида Ўзбекистон ва Россия Тошкентдаги “Фотон” корхонасининг ИИН-ЗМ тадқиқот реакторидаги ишлатилган ёнилғини Россия томони олиб чиқиши ҳақида келишиб олганди), шунингдек  Ўзбекистон минтақада ядросиз зонани яратишга интилиб, ҳар доим ядро қуролидан воз кечиш тарафдори бўлганини инобатга олган ҳолда шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши эҳтимоли жуда кам.
Ҳозирча Россия нашри тарқатган маълумотга Ўзбекистон томондан расмий шахслардан ҳеч ким изоҳ бергани йўқ.
 
Жавлон Хасанов

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.