Сифатсиз тиш протези қўйилган аёлга стоматология клиникасидан пулини қайтариб олишга ёрдам берилди

Сифатсиз тиш протези қўйилган аёлга стоматология клиникасидан пулини қайтариб олишга ёрдам берилди

Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Ольга Павлова 2013 йилнинг август ойида Миробод туманида жойлашган “Аюбхон сервис стом” МЧЖ стомотология клиникасига ўзининг тишларини протезлаштириш учун боради.

Ушбу клиника шифокори Юрий Мартиненко  уни қабул қилиб, иш жараёнини бошлашдан аввал ҳамма тишларини даволаш лозимлигини  айтади. Истеъмолчи  даволаниш учун 157000 сўм, олиб-қўйилувчи протез тишлар учун эса 535000 сўм  тўлайди. Аммо ўрнатилган протез тишлар орадан бир ой ўтгач, жойидан силжиб, тушиб кета бошлайди.

О.Павлова мазкур клиникага бу борада мурожаат қилади ва шифокор томонидан протез тишларининг таъмирлаб берилишига муваффақ бўлади. Бироқ бу ҳам фойда бермайди. Нотўғри жойлаштирилган тишлардан азобланаётган Ольга Павлова клиникага қатнайвериб, тинкаси қурийди ҳамки, ижобий натижага эриша олмайди. Унинг мурожаатлари жавобсиз қолади: талаби қондирилмайди, сифатсиз хизматнинг  пули ҳам қайтарилмайди. Шундан сўнг у  Миробод туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ариза билан мурожаат этишга мажбур бўлади.

Жамият ходимлари томонидан ушбу ариза жойига бориб ўрганилди. Мутахассислар текшируви истеъмолчининг ҳақлигини исботлади. Протез тишлар кўздан кечирилганда, у ҳақиқатан ҳам палапартишлик билан тайёрлангани, ўлчамларда хатоликка йўл  қўйилгани маълум бўлди. О.Павловага 836500 сўм пули қайтарилди, деб ёзади Ўзбекистон истеъмолчиларининг ахборот ресурси. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.