“Smartbolla” қаерда? Ўзбеклар юз минглаб доллар тикканлиги даъво қилинаётган лойиҳа ҳақида

Smartbolla
Фото: factchecknet

Anhor.uz интернет нашри factchecknet.uz муаллифи билвосита таҳдидларга учраши муносабати билан унинг суриштирув материалини нашр этмоқда.

2021 йил март ойида ўзини жаҳон IT бозорига шиддат билан кириб келаётган бренд сифатида намоён қилган “Smartbolla” халқаро IT компаниясининг бугунги шов-шуви икки йил олдинги каби шиддатли эмас. Энди унинг машҳур шоу-бизнес вакилларидан иборат PR жамоаси ҳам, ўн минглаб обуначига эга SMM мутахассислари ҳам ва дастурчилари ҳам йўқ. Аммо у ўз ортида реклама ва пухта ўйланган режага ишониб сармоя тиккан, алданган ва моддий зарар кўрган юзлаб ўзбекистонликларни қолдирди.

Ушбу журналистик суриштирувда компаниянинг илк тақдим қилиниш кунларидан бошлаб бугунги кунгача бўлган жараённи ўрганамиз, таҳлил ва тафтиш қиламиз.

Маълумотлар ва манбалар қанчалик ишончли?

Журналистик суриштирув учун очиқ маълумотлар, интервюлар, фойдаланувчилар профилларидан, сармоядорлар ташкил қилган очиқ ва ёпиқ Телеграм гуруҳлари маълумотларидан ҳамда фойдаланувчилар ўз розилиги билан тақдим этган маълумотлардан фойдаландик. Барча асл манбаларга ҳаволалар келтирилган.

Ҳаммаси қандай бошланди?

“Smartbolla”, таъсисчилари таъкидлаганидек, халқаро IT компания бўлиб, ўз фаолиятини БААнинг Дубай шаҳрида олиб борган. Унинг асосчиси Мурад Хасанов — ўзбекистонлик тадбиркор. Orginfo.uz сайти маълумотларига кўра, Хасанов Мурад Абдуганиевич номи билан икки МЧЖ расмийлаштирилган. Улардан биринчиси — “Facile” МЧЖ 2018 йилнинг октябрь ойида компьютер дастурлаштириш соҳасидаги фаолият мақсадида 7,5 млн сўмлик устав фонди билан рўйхатдан ўтказилган.

Иккинчиси — биз ўрганаётган “Smartbolla” 2021 йил август ойида Тошкент шаҳар Юнусобод туман давлат хизматлари маркази томонидан 10 млн сўм устав фонди билан рўйхатга олинган. Фаолият тури сифатида маълумотларни жойлаштириш ва ишлов бериш бўйича хизматлар кўрсатиш белгиланган, ҳозирда фаолияти тугатилган. Хасанов томонидан ташкил қилинган иккала корхона йўналиши бир-бирига ўхшаб кетишини кўриш мумкин.

“Smartbolla” ўз фаолиятининг илк кунларидан бошлаб 10 та “ноёб алгоритмга эга иловаларни ишлаб чиқиш ғояси”ни эълон қилган.

Қандай иловалар ваъда қилинганди?

Лойиҳа 10 та ноёб алгоритмга эга дастурларни ишлаб чиқиш ғояси устига қурилган эди. SMM мутахассислар мазкур дастурларнинг тарғиботи устида яхши ишлади, PR-ролик ва постерлар дид билан ишланган, бироқ шунга қарамай, дастурчиларнинг иши кўринмас эди. Дастурлар ишлаб чиқиляпти деган қуруқ ваъдалар фонида компания NFT бозорига ҳам аралашишга уриниб кўрди, лекин, афтидан, бу уриниш ҳам муваффақиятсизликка учради. Хулоса қилганда, лойиҳа веб-сайтига кўра, 45 кишидан иборат жамоа 2,5 йилдан ортиқроқ вақт давомида ҳеч қандай натижа кўрсата олмади. Улар нималар ишлаб чиқмоқчи эдилар?

Paycent — бу блокчейн тизимидаги тўлов тизими;
Dancent — бу пул ишлаш ва дам олиш учун караоке иловаси;
AdCent — бу реклама платформаси;
ShopShock — онлайн дўкон ва жисмоний дўкон;
Sandychat — бу мессенжер;
U-Freelancer — иш топиш учун дастур;
Suppcent — маълумот берилмаган;
Freeluck — маълумот берилмаган;
U-Design — маълумот берилмаган;
Virtual Bussines — маълумот берилмаган.

Ушбу 10 та “ноёб” алгоритмга эга дастур 2022 йил 20 февралида тақдим этилиши режалаштирилган эди. Аммо, орадан икки йил ўтди ҳамки, янгиликдан дарак йўқ.

Лойиҳада иштирок этишга истак билдирувчилар компанияга 100 АҚШ долларидан 90 минг АҚШ долларигача инвестиция киритишлари ва унинг бевосита улушдорига айланишлари ваъда қилинган. Компания инвестицияларни қабул қилишнинг асосий воситаси сифатида smartbolla.com сайтидан фойдаланган. Ҳозирга келиб, сайт фаолият олиб бормаяпти.

Сайтнинг ишламаслиги инвесторлар билан келишув шартномасида кўрсатилган “улушдорларга компания фаолияти ҳақида доимий маълумот бериб бориш” мажбуриятига зид келади. Шунингдек, ҳужжатда “инвесторлар ўз шахсий кабинетлатига кира олмаслиги учун компания айбдор эмас” банди ҳам бор ва у юқоридаги мажбуриятни инкор этади.

Smartbolla.com манзили ҳозир интернет тармоғида мавжуд эмас. Домен номи эса 630 еврога баҳоланиб турибди.

Veb-arxiv platformasi archive.org orqali biz saytning faol yillaridagi ko‘rinishini kuzatdik. (havola VPN yordamida ochiladi).

Дастлаб компанияга инвестиция киритиш PayPal, Visa, Emirates NBD ҳамда Uzcard тўлов тизимлари орқали амалга оширилган. Буни компаниянинг Youtube’даги роликларидан бирида кўриш мумкин. Кейинги роликларда тўлов усуллари қаторидан Uzcard олиб ташланади.

Маълумот учун, ушбу ҳаволада “Smartbolla”нинг турли ижтимоий тармоқлардаги реклама роликлари тўпланган ва компания ўз YouTube саҳифасини ёпиб юборган тақдирда ҳам, видеороликлар сақланиб қолади.

Алдов қандай бошланди?

2021 йилнинг 15 мартида компаниянинг Instagram’даги саҳифасида постлар пайдо бўлди. Илк постлар “token қандай сотиб олинади?” деган мавзуда яратилди. Дастлабки промо роликларда компания, унинг мақсад ва вазифалари, асосчилари, ғоялари, ҳуқуқий асоси ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмади.

Компанияга инвестиция киритган, ҳозирги пайтда сармоясининг тақдиридан бехабар бўлган бир нечта даъвогар билан боғландик. Улар айнан шоу-бизнес вакилларининг рекламасига ишониб нотаниш компанияга пул тикканларини таъкидладилар.

“Машҳур одамлар реклама қилди, шунга “мошенник” бўлишмаса керак, дегандим-да. Наҳотки, машҳурлар пулини олса, нималигига қарамай, текширмай реклама қилиб бераверади”, — дейди улардан бири.

“Smartbolla” компанияси одамларни ўз ғояларига ишонтириш учун катта аудиорияга эга ва уларнинг ишончига кира олувчи машҳурлар билан ҳамкорлик қила бошлади. Хусусан, кўпгина реклама роликларда Марказий Осиёда таниқли актёр Алишер Узоқов компаниянинг “mass-media директори” сифатида кўрсатилган.

Алишер Узоқов “Smartbolla” компаниясига алоқадорлигини “IntervyuTV” лойиҳасида журналист Феруз Муҳаммад билан суҳбатида ҳам айтиб ўтган ва компаниядаги фаолиятига тўхталган.

Бирин-кетин бошқа шоу-бизнес вакиллари ҳам “Smartbolla”ни реклама қила бошладилар. Озодбек Хуррамов (Liil), Озодбек (Бек vines) ва Абдураҳмон (Абу vines), Муниса Ризаева, Райҳон Уласенова, Жаҳонгир Хўжаев (Сариқ бола), Миршакар Файзуллаев ва Шаҳзода Муҳаммедова кабилар компаниянинг тарғиботчиларидан эди. Биз улардан одамларнинг алданиб қолишида воситачи бўлган ушбу реклама фаолиятини шарҳлаб беришларини сўрадик. Уларнинг айримлари бу шунчаки реклама эканлигини, ижтимоий тармоқлардаги рекламани яратиш одатда шундай амалга ошишини айтган бўлса, бошқалари саволга жавоб бермади.

Бир машҳур блогер эса вакили орқали компания ҳақида маълумотларга эга эканлигини, бироқ ўзига нисбатан таҳдидлар қилинаётганлиги сабабли уни очиқлай олмаслигини маълум қилди. Биз унинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида исмини очиқламасликни маъқул кўрдик. Бу ҳолат рост бўлса, бир савол туғилади: молиявий фирибгарликлар содир этганлиги тахмин қилинаётган компания бошқа турдаги оғир жиноятларга қўл уришга қодирми?

Алишер Узоқов телефон орқали суҳбатда компания у билан ҳам шартнома битимларини бузганини, яъни реклама эвазига ваъда қилинган суммани бермаганини таъкидлади. Бу жараёнда Узоқов ўзи ҳам жабрланувчи эканини билдирди.

Жабрланувчиларнинг даъволари қандай?

“Smartbolla” жабрланувчиларини топиш биз учун қийин бўлмади, лойиҳанинг Instagram саҳифасида илк постлар пайдо бўлган даврдан (2021 йил март ойи) унинг энг сўнгги пости қўйилган пайтгача (2022 йил март) минглаб фойдаланувчилар изоҳларда “бизнинг пулимиз нима бўлди, қачон янгилик бўлади?” мазмунидаги хабарларни ёзиб қолдирган. Уларнинг бир нечтаси билан алоқага чиқишга муваффақ бўлдик. Хусусан, жабрланувчилардан бири Д.Ж. нинг бизга тақдим этган экран суратларида унинг лойиҳага 1000$ миқдоридаги маблағни киритгани кўринади. Келтирилган манбада жабрланувчининг 1295-инвестор бўлиб рўйхатдан ўтганини кўриш мумкин.

Бошқа бир инвестор 5000$ миқдорида пул ўтказганлигини, ҳозирда пулларни қайтариб олиш истаги борлигини, шу сабаб бошқа маълумотларни очиқлашни хоҳламаслигини билдирди. Жабрланувчилардан яна бири “Дорул Омон” жоме масжиди имом ҳатибининг компания раҳбари билан чиқишидан кейин уларга ишонч билдирганини айтади. Видеода имом ҳатиб бу сармояни “ҳалол” деб фатво берган.

Маълумот учун, “Uzreport ТВ” телеканали ҳам “Smartbolla” асосчиси Мурад Хасанов билан интервью ташкиллаштирган. Унда компания дастурий маҳсулотлари йил якунига қадар тақдим этади, деб айтиб ўтилади (интервью 2021 йилда олинган).

Мурад Хасанов бизга жами 986 нафар инвестор мавжуд дея маълумот берган, лекин юқоридаги скринда 1270, 1271 каби тартиб рақамлари бор ва бу Хасанов маълумотларини инкор этади. Биз компания ходимларини ҳам суҳбатга тортишга уриниб кўрдик. Лойиҳанинг SMM менежери сифатида фаолият олиб борган ва кейинчалик асосий “юзи”га айланган Фарҳод Каримов берган саволларимизга жавобан у ҳеч нарсани билмаслигини, ҳаммасини Мурад Хасановдан сўраш кераклигини айтиш билан кифояланди. Лойиҳанинг яна бир SMM мутахассиси Мария Жаҳангирова жамоада маълум муддат оралиғида фаолият олиб борганлигини, шартнома муддати тугагач уни тарк этганини билдирди.

Лойиҳанинг Instagram’даги саҳифасида комментлар ёзиш функцияси чеклаб қўйилган, ДМ орқали йўлланган саволларга эса Мурад Хасанов фақат “сабр қилинглар, оз қолди” деб жавоб қайтариш билан чекланяпти.

Шунингдек, биз билан Телеграм орқали суҳбатлар чоғида ҳам тадбиркор жуда катта янгиликлар амалга оширилаётганлигини, компания тез орада катта тўлқин билан ўзини намоён қилишини, сабр қилиш зарурлигини жуда кўп бора таъкидлади.

Компания қандай ҳуқуқий асосга эга эди?

Компаниянинг БААдаги фаолиятига тегишли ҳужжатлар, хусусан, инвесторлар билан келишув шартномасини унинг асосчисидан қўлга киритдик. Кейинчалик ёзишмалар Хасанов томонидан ўчириб юборилди. Инвесторлар билан келишув шартномасида ва бир қанча реклама роликларида компания билан боғлиқ ҳар қандай ҳуқуқий жараёнлар, хусусан, можароларни кўриб чиқиш БАА қонунчилиги асосида ҳал қилиниши тез-тез таъкидланади. Хўш, компаниянинг БАА, Дубай билан қандай боғлиқлиги бор?

Бизга тақдим этилган лицензия ҳужжатига кўра, “Smart Bolla Systems Technology” фуқаролик компанияси (civil company) сифатида 2021 йил 25 май санасида Дубай Иқтисодий ривожланиш департаменти томонидан рўйхатга олинган. Худди шу ҳужжатга кўра, компания лицензияси муддати 2022 йил 24 май санасида тугаган. Лицензияда фаолият тури сифатида компьютер тизимлари ва алоқа ускуналари иши, дастурий таъминот дизайни, ахборот технологиялари тармоғи хизматлари, портал, интернет-контент провайдери, ижтимоий тармоқлар орқали маркетинг хизматлари ва веб-дизайн билан шуғулланиш кўрсатилган.

Фуқаролик компанияси — бу шифокорлар, юристлар, муҳандислар ва бухгалтерлар каби профессионаллар учун бизнес ҳамкорлиги. Фуқаролик компанияси 100% профессионал шерикларга тегишли бўлади (инженерлик фуқаролик компаниясидан ташқари), лекин одатда БАА миллий маҳаллий хизмат агенти талаб қилинади. Яъни, (2 тадан 50 тагача бўлган) турли мутахассислар бирлашиб, бир хизмат кўрсатиш компаниясига асос солишади.

Мурад Хасановнинг БААдаги маҳаллий шериги Салем Обаид Моҳаммад Кҳамис Вилд Ҳарроҳ фуқаролик компаниясининг 25% улушдори бўлган. Фуқаролик компанияси менежери этиб Хасановнинг ўзи белгиланган. Компания капитали 300 минг дирҳам (81 минг АҚШ доллари)ни ташкил қилиб, шундан 75%ига, яъни қарийб 740 млн сўм капиталга Хасанов эгалик қилган.

Инвесторлар билан келишув шартномаси

Компания ва инвестор ўртасидаги шартнома 13 банддан иборат. Унинг 5.3.1-бандида дивидендлар олиш ҳуқуқини сотиб олиш орқали “Фойда улуши эгаси” ҳар қандай натижа ва ундаги иқтисодий хавфлар учун жавобгар бўлиши, фойда улуши эгаси “Smartbolla Systems Technology” МЧЖга сармоя киритиш вақтида мавжуд бўлган ҳар қандай иқтисодий хавф-хатарлардан воқифлиги, 5.5-бандида компания ўз веб-сайтида ушбу шартномага ўзгартириш киритиши мумкинлиги, 8.1-бандида томонлар келишув бўйича ўз вазифасини тўлиқ ёки қисман бажариш мажбуриятидан, ушбу мажбуриятлар бажарилмаганлиги форс-мажор ҳолатлар натижасида юзага келган бўлса, озод этилиши, 9.6-бандида компания ва унинг шериклари smartbolla.com веб-сайтига кира олмаслиги учун ҳеч қандай жавобгар эмаслиги, 10-бандида шартноманинг таҳрирланган ва факс шакли унинг асл варианти билан тенг қонуний кучга эгалиги, мактублар, телеграммалар, телефон хабарлари, телетайп грам, факс, электрон шаклда ёки таркибни кўрсатадиган ва ифода этадиган субъектлар ва ҳар қандай ҳужжатлар алмашинуви шартноманинг ёзма шаклига тенглиги, 11.1-бандига кўра, компания дивидендларга эгалик қилиш ҳуқуқи нархлари, шартнома шартлари ва эҳтимоллик мавжудлиги компания томонидан қабул қилинган кейинги ҳаракатлар давомида ўзгармайди деб кафолат бермаслиги кабилар шулар жумласидандир. Шунингдек, шартнома матнига кўра, ушбу шартнома инглиз ва ўзбек тилларида мавжуд бўлиб, унинг матнли ва инглиз тилидаги версиялари ўртасида ҳеч қандай номувофиқлик бўлмаса, инглиз тилидаги версияси устунлик қилади.

Бир нечта жабрланувчилар инвестиция киритишдан олдин шартнома шартларини ўқиб ҳам кўрмаганликларини тан оладилар. Бу ҳолатда жамият орасида ҳуқуқий саводхонлик масаласининг муаммоли аҳволда эканлиги кўринади.

Мурад Хасановнинг ваъдалари

Сармоядорлар даъволарини шарҳлаб беришини сўраб, Хасанов билан суҳбатлашдик. У инвесторлардан кўзда тутилган режадаги маблағни йиғиб олишнинг иложи бўлмаганлигини, ҳозирда ишлар катта қарз эвазига давом этаётганлигини, ҳар бир илова ҳаражатлари 470 минг АҚШ долларига айланаётганлигини айтади. “Сизнингча, биз ёлғончи бўлсак, одамлар нега устимиздан арз қилмаяпти”, — дейди Хасанов.

Биздаги маълумотларга кўра, айрим жабрланувчилар тегишли органларга шикоят қилишган ва жавоб олишолмаган, айримлари эса компания келишув шартномасидаги “юзага келган ҳар қандай низоли ҳолатлар Дубай қонунчилигига мувофиқ кўриб чиқилади” деган банд сабаб Ўзбекистондаги тегишли идораларга мурожаат қилишмаган.

Айрим жабрланувчилар ариза ёзиш орқали ўзлари киритган суммани қайтариб олишга бир неча бор уриниб кўришган. Шартнома матнида тегишли аризалар 90 календар кун ичида кўриб чиқилиши ва пуллар 45 календар кун ичида қайтарилиши белгиланган. Аммо бизда мавжуд экран тасвирларига кўра, Хасанов бу ваъдани ҳам бажармаган.

Бизда айрим инвесторлар пулларини қайтариб олганлиги мазмунидаги видеотасвирлар бор. Ушбу тасвирлар Мурод Хасанов томонидан тақдим этилган ва улардан бошқа даъвогар сармоядорларни ишонтириш, тинчлантириш мақсадида фойдаланиб келинмоқда. Шунингдек, видеодаги инсонлар айнан кимлар ва улар қандай пулларини қайтариб олган, буниси бизга номаълум. Видео тасвирлардаги шахсларнинг дахлсизлигини ҳурмат қилган ҳолда уларни очиқ шаклда тақдим қилмаймиз, аммо тегишли органлар сўровига кўра, ўзимизда мавжуд маълумотларимизни тақдим қила оламиз.

Smartbolla инвесторлари гуруҳлари

Компанияга инвестиция киритган бир нечта сармоядорлар Телеграм тармоғида ёпиқ гуруҳ ташкил қилишган. Дахлсизлик нуқтаи назаридан гуруҳ ҳаволасини улашишнинг иложи йўқ, бироқ расмий ҳуқуқий ҳаракатлар бошланган тақдирда гуруҳ ҳақидаги маълумотлар тақдим қилиниши мумкин. Шунингдек, гуруҳда бўлиб, инвесторлардан маълумот тўплашга ҳаракат қилган журналистга нисбатан Мурад Хасанов томонидан манипулятив таҳдид қилинган:

Экран тасвири ва таҳдид матни бу ерда.

Ушбу гуруҳ аъзолари иккиланмасдан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишлари керак деган фикрдамиз. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниши йўлида вазиятни ёритиб боришда давом этамиз.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.