Бухорода Пётр I давридаги тангаларни олиб чиқмоқчи бўлган фуқаролар ушланди

Фото: ГТК

“Бухоро аэропорти” чегара божхона постида “Бухоро -Внуково” йўналишидаги авиарейс орқали хорижий давлатга учиб кетаётган икки нафар фуқаро ўзи билан Республика ҳудудидан олиб чиқиб кетиш таъқиқланган маданий меросларни олиб чиқишга уринган вақтда божхона ходимлари томонидан тўхтатиб қолинди.

“Бартараф этилган икки ҳолатда жами 4 дона қадимий тангалар борлиги аниқланди. Ашёвий далил сифатида вақтинча сақловга олинган тангаларнинг қадимийлик даражасини аниқлаш мақсадида Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси томонидан бадиий экспертиза ўтказилди”, – дейилади хабарда.

Унга кўра, мазкур тангалари 1751 йилда Россия империясининг I императори Пётр I ҳукмронлиги даврида Екатеринбург зарбхонасида зарб этилганлиги тасдиқланган. Ҳозирда ушбу қадимий нумизматика ашёлари доимий сақлаш учун Бухоро давлат музей-қўриқхонасига тақдим этилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.