Шифокор қайдлари: Ўзбекистонда тиббиёт соҳаси кадрлари қандай тайёрланмоқда? (1-қисм)

Шифокор қайдлари: Ўзбекистонда тиббиёт соҳаси кадрлари қандай тайёрланмоқда? (1-қисм)

Юртимиз тиббиёти салмоқли ютуқларга эришмоқда. Буни шошилинч тиббий хизмат, санитария-эпидемиология хизмати, туғруққа ёрдам тизимининг фаолияти ҳам тасдиқлаб турибди. Мазкур мақола узоқ йиллардан буён соғлиқни сақлаш амалиётида ишлаётган ва бир вақтнинг ўзида олий тиббий ўқув юртларидан бирида таълим бераётган жонкуяр бир инсоннинг қалб ҳайқириғидир.

Тиббиётнинг ҳозирги аҳволидан ташвишланаётган бу инсон номаълум бўлиб қолишни истади. Таҳририят Ўзбекистон Конституциясида белгилаб қўйилган ҳар бир кишининг ахборот эркинлиги ҳуқуқидан келиб чиққан ҳолда ушбу қайдларни чоп этмоқда. 
 
Театр кийим илгичдан бошланади, шифокор эса – олий ўқув юртидан.Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизими учун кадрларни бешта олий ўқув юрти тайёрлайди. Бу кўпми ёки кам? Ҳар йили тиббиёт олий ўқув юртлари тўрт мингдан зиёд ёш мутахассисларни чиқаради. Билимларни текширишнинг замонавий ва холис усули сифатида позицияланаётган кириш тест синовлари олий даргоҳга “керакли” одамлар танланишини, тўловга қобилияти йўқларни эса четга суриб чиқаришини истисно этмайди. Ўқишга кириш тарифлари энди анчагина ошган, масалан, Тиббиёт Академиясига кириш учун шартли белгилардаги пулни тўлаш керак. Ўқишга киришнинг бундай усули тафсилотларига тўхталиб ўтирмасдан шуни айтишим мумкинки, тест орқали бор-йўғи 10-20 нафар муносиб, ўқишга иштиёқи бор йигит-қиз ўтади, холос. Айнан улар курсда қизиқиш билан таълим олади. Қолганлари эса – “қўнғироқчалар”, яъни “қўнғироқ орқали” ўқишга кирганлар, кимларнингдир арзанда қизлари ва ўғиллари.  Улар ўзларига қулай тарзда ўқийди – машғулотларга кайфиятга қараб келишади. Зачётлар ва имтиҳонлар муаммоси жуда оддий ҳал этилади – уларни шунчаки “сотиб олишади”. Яна қайд этаман, ўқишга киришда муайян “ёрдам”ни олганлар орасида ҳам ўқийдиганлари бор.       

Таниш-билиш ёки бошқа ноқонуний йўллар орқали ўқишга кириш муаммоси аввал ҳам бўлган. Аммо энди у пайтлар билан таққослаганда, анчайин фарқ мавжуд. У даврларда “қўнғироқ” ёки пул билан ўқишга кирган талабалар ўз кучи билан кирганлардан ҳам кўпроқ қунт билан ўқиган. Балки уларни виждони қийнагандир. Энди эса бу нарса йўқ, талабалар ўзларининг масъулиятсиз хатти-ҳаракатини намойиш этишдан уялмайди. Улар билими билан эмас, қимматбаҳо машиналари, модали кийим-кечаги, гаджетлари билан мақтанади.

Ҳа, шифокорлардаги иккиюзламачилик ва итоаткорлик айнан институтда шаклланишни бошлайди. Ҳар қандай институтда, айниқса тиббиёт олий ўқув юртида, итоаткорлик рағбатлантирилади ва сингдирилади. Ўзингга қизиқарли бўлмаган газета ёки журналга обуна бўлишдан бош тортиш, “оммавийлик”ни яратиш учун бирор-бир тадбирга бормаслик ва ҳ.к.лар “қора рўйхат”га тушишингни англатади, институтдан ҳайдаб юборишлари ҳам ҳеч гапмас. Менинг талабалик пайтларимда домлаларга совға берадиганларни “оқ қарға” дейишарди, ҳозир эса – аксинча, ким домлага зачёт ва имтиҳонлар учун пул бермаса, ўша “оқ қарғалар” рўйхатига тушади.

Ўқитувчиларнинг орасида ҳам чуқур билим берувчи, пул эмас, балки билимни талаб қилувчилар бор. Афсуски, борган сайин уларнинг сони камаймоқда. Бунга, албатта, ўқитувчилар маошининг жуда камлиги ва бемаъни катта юклама қўйилгани ҳам сабабчи. Бугунги кунда олий ўқув юртининг ўқитувчиси талаба учун худди энагадай жавоб беради ва унинг ахлоқий тарбияси бўйича ҳаддан ташқари кўп расмий ҳужжатларни тўлдиради. Бу нега кераклиги эса тушунарсиз.    

Ўйламасдан ишлаб чиқилган, қолоқ ўқитиш методикаси ҳақида алоҳида таъкидлашни истардим. Ушбу методика бўйича тиббиётнинг фундаментал фанлари, пойдевори ҳисобланган биокимё, физиология, патологик физиология юзаки ўрганилмоқда. Таққослаш учун АҚШдаги ўрта бўғин тиббий ходимларини тайёрловчи тиббиёт коллежлари учун физиология ва биокимё бўйича тестларни олиш мумкин. Бизнинг талабаларимиздан ҳеч бири ва ҳатто ўқитувчиларнинг кўпчилиги ҳам уларни еча олмайди, деб қўрқаман. Мана сизга билимлар сифатининг реал индикатори. АҚШда машғулотларни ўтказиб юбориш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди. Йўқ, улар жазоланишдан эмас, балки ўтказиб юборилган мавзу бўйича кейин курсдошларига етиб ололмасликдан қўрқади.

Балки бу сизни ҳайрон қолдирар, аммо бизнинг бўлғуси шифокорларимиз учун ўқиш даври давомида жасадларни препарация қилиш бўйича машғулотлар кўзда тутилмаган. Ҳолбуки, бундай машғулотлар дунёдаги барча олий ўқув юртларида анатомияни ўрганишнинг асосларидан бири ҳисобланади. Бундай машғулотлар нега тақиқлангани ақлга сиғмайди. Демак, битирувчи-жарроҳлар тирик одамларда ўрганаётган экан-да. АҚШда жарроҳ бўлишни истаган талаба 4 йил жасадларни препарация қилади, кейин микроскоп остида тадқиқ қилинаётган материални ўрганган ҳолда, яна 2 йил патологик анатомия билан шуғулланади, ундан кейин эса яна икки йил итларда ўрганади. Фақат шундан сўнггина унга тажрибали жарроҳ ёнида туриб камида уч-тўрт йил давомида ассистентлик қилишга рухсат берилади. Ва фақат шундан кейингина унга мустақил жарроҳлик амалиётини ишониб топширишади. Афсуски, жарроҳларимиз ҳатто микроскоп остидаги патанатомик материални мустақил ўрганишни ва унга тўғри баҳо беришни ҳам билмайди.

Ваҳоланки, Ўзбекистон таълим беришнинг Ҳиндистон, Буюк Британия, Германия, Япония, Жанубий Корея (талабаларга бериладиган тиббий маълумотлар ҳажмининг камайиш даражасига қараб санаб ўтилган) схемасини қабул қилиши мумкин эди.

Диплом қўлга текканидан кейин магистратура учун “кураш” бошланади – у ҳам олий ўқув юртидаги ўша қоидалар бўйича ўтказилади, яъни асосан тўловга лаёқати борлар ўтади. Қолганларга эса поликлиника қолади, холос. Магистратурада таълим олиш схемаси ҳам – худди ўша. Пул келтирадиган алоҳида мутахассисликлар бор – гинекология, урология, тери-таносил касалликлари. Уларга кириш ва ўқиш анча қимматлиги билан ажралиб туради. Мана шу бўлғуси шифокорни тайёрлаш дейилади. Фарзандларининг ўқишга кафолатли киришини тўлаб қўядиганларнинг ўзлари эса  хорижда даволанишни маъқул кўради.

Яқин келажакда бўлғуси шифокорларга таълим бериш тизими қайта кўриб чиқилишига ишонгим келяпти. Нима бўлганда ҳам, биз тажрибали шифокорлар буни жуда хоҳлаяпмиз.    

Давоми бор.

Алишер А.,
Олий тоифали шифокор

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.