“Ҳаж-2014” мавсумининг дастлабки ишчи гуруҳи аъзолари Саудия Арабистонига жўнаб кетди

“Ҳаж-2014” мавсумининг дастлабки ишчи гуруҳи аъзолари Саудия Арабистонига жўнаб кетди

Жорий йилнинг 4 сентябрь куни 10 кишидан иборат “Ҳаж -2014” мавсуми дастлабки ишчи гуруҳи аъзолари Саудия Арабистони Подшоҳлигига жўнаб кетди. 

Улар ҳожиларнинг Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунаввара  шаҳарларидаги муқаддас жойларни зиёрат қилишлари ҳамда уларнинг ҳаж амалларини бекаму-кўст адо этишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш масалаларини ўрганиб чиқади.

Жорий йилнинг 15 октябрь куни Тошкент шаҳридан муборак Ҳаж ибодатини адо этиш учун делегация, ишчи гуруҳи аъзолари, шифокорлар, ошпазлар ва зиёратчилардан иборат жами 255 нафар ҳожиларнинг 1-рейси Саудия Арабистони Подшоҳлигига жўнаб кетиши режалаштирилмоқда.

Зиёратчилар Мадинаи мунавварада “Масжид ан-Набавий” дан унча узоқ бўлмаган “Жулнар ат-Тоййиба” меҳмонхонасига  ва Маккаи Мукаррама шаҳрида эса тўрт бинодан иборат ҳашаматли “Аброж Маса ал-Муҳаммадия” меҳмонхонасига жойлашади.

Бу йил жами 5200 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари  Ҳаж зиёратига боришга муяссар бўлади. Уларга тажрибали ишчи гуруҳ аъзолари, малакали шифокорлар гуруҳи  ва моҳир ошпазлар ҳожилар учун зарур бўлган барча ташкилий ишларни амалга оширишда камарбаста бўлишади, дея хабар беради Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитасининг матбуот хизмати.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.