Туризм: “Қатл қилиш мумкин эмас, авф этиш ҳам”

Туризм: “Қатл қилиш мумкин эмас

Ҳозир “Ўзбекистонда туризм муаммолари” мавзусидаги мақолаларни ёзиш урф бўлган. Аксарият ҳолларда бундай мақолаларни шу соҳага мутлақо алоқаси бўлмаган кишилар ёзмоқда. Вазиятни батафсил тушунтиришга уриниб кўраман, чунки ўзим бевосита туризм билан шуғулланаман.
 
Бизда UNWTO (БМТ ҳузуридаги Туризм бўйича ташкилот) тақдим этган “йилига 2 миллион сайёҳ” деган рақамни тез-тез тилга олишни ёқтиришади. Ўзбекистонда бу ташкилотнинг офиси йўқ, демак бу рақамлар Давлат статистика қўмитасидан олингани  эҳтимолга яқинроқ.
 
Биз эса бошқа манбалардан фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Регистон мажмуи маъмуриятининг маълумотларига кўра, 2016 йилда чет эллик фуқароларга 177 000 та чипта сотилган. Агар Термиз, Андижон ва бошқа шаҳарларда яна 1 800 000 нафар сайёҳ яширинган бўлса, унда бу рақам Давлат статистика қўмитаси ва UNWTO битта шахслигини кўрсатади. Биз ҳам шундан келиб чиқамиз.  

Шундай қилиб, йилига 200 000 нафар сайёҳ. Бу қанча? Бу 2011 йили уруш алангаси ичида қолган Мисрдаги сайёҳлар сонидан кам. Ҳар йили Туркияга борадиган ўзбекистонликларнинг сонидан кам. Бу ҳатто Юнусобод аҳолисичалик ҳам эмас. Бу ўтган йили Грузия (аҳолиси 3,5 млн.киши) қабул қилган сайёҳлар сонидан 32.5 баравар кам. Ҳа, бу шарманда бўлмаслик учун зарур бўлган рақамдан 10 баравар кам.  

Нега шундай? Чунки тадбиркорлар туроператор бўлишни хоҳламайди. Туроператор – бу мамлакатга сайёҳлар оқимини таъминлайдиган шахс. Нима деб ўйлайсиз, Францияга сафар қилиш учун туроператор керакми? Айтиш жоизки, сайёҳларнинг 82 фоизи Францияга туроператорлар ёрдамида саёҳат қилишини, билиб қўйган фойдали. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Францияга ўз ҳолича боришга тайёр кишилар фоизи 20 дан ошмайди. Ўзбекистон учун эса бу фоиз бир неча баравар паст бўлади, деб ўйлайман.

Хўш, нега энди тадбиркорлар туроператор бўлишни истамайди? Чунки Ўзбекистонда туроператор сифатида фаолият кўрсатиш жуда қийин. Кимга қизиқ бўлса, менинг  Anhor.uz сайтида чоп этилган “Ўзбекистонда туроператор бўлиш қандай?” деб номланадиган олдинги материалимни ўқиши мумкин.
 
Энг қизиғи шундаки, давлат томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида вазият янада ЁМОНЛАШГАН. Шу даражада ёмонлашганки, бир йилдан сўнг мамлакатда туроператор қолмаслиги мумкин. Бу соҳада фақат автопарклар ва меҳмонхоналарга эга “катта балиқлар” (Долорес, Марко Поло, Ориент ва ҳоказолар) жон сақлаб қолиши эҳтимолга яқинроқ. Ана ўшанда йилига ҳатто 200 000 нафар сайёҳ ҳам бизга эришиб бўлмас чўққидай кўрина бошлайди.  
Эртами-кечми (эртароқ бўлиши эҳтимолга яқин) ўзини-ўзи қоплай олмайдиган меҳмонхоналар ёпила бошлайди, кейин гид касби ҳам ўзининг мафтункорлигини йўқотади. Бу борада шундоқ ҳам муаммо катта, лекин ҳозир, ҳеч бўлмаганда, (нисбатан) оммавийлик бор. Бу ҳам йўқолади. Бухоро ва Самарқанддаги хитой “ширпотреби” билан савдо қилувчи расталарнинг иши тўхтайди, сайёҳлар учун чойхоналар ва ресторанлар ёпилади. Охир-оқибатда туризм соҳа сифатида секин “жон беради”.  

Нега бундай? – деб сўрарсиз. Ҳаммаси оддий. Сўнгги ярим йил ичида сайёҳларнинг туроператор орқали Ўзбекистонга саёҳатини имконсиз қилиб қўйган қатор қарорлар қабул қилинди. Туроператор қонун бўйича фаолият кўрсатар экан, меҳмонхоналар учун ўтган йилга қараганда ўртача 4-5 (!!!) баравар қимматроқ тўлашга мажбур бўлади. 5 баравар! Бунинг устига меҳмонхоналар сўмдан “маҳрум қилинди”, энди уларнинг кирими фақат валютада қайта ҳисобланади. Хўш, чойшаблар қайси пулга ювилади, идиш-товоқлар-чи? Номаълум. Меҳмонхоналар ҳозирнинг ўзидаёқ нақд пулдаги тўлов учун 15 фоиз чегирма бера бошлаган. Масалан, Самарқандга тунги соат 3 да 30 кишидан иборат гуруҳ кириб келди, дейлик. Одам бошига 65 АҚШ долларидан тўланади. Умумий сумма 5 850 долларни ташкил этади. Агар нақд пул тўланса, унда 850 доллар чегирма берилади. Нима учун? Чунки бу пуллар инкассация қилинмайди, солиққа тортилмайди, улар учун ҳисобот берилмайди. Улар маҳаллий ёрдамчи Маҳмуджонни бозорга жўнатишади, у бу пулларни қора курс бўйича алмаштиради. Иш пишди. Сайёҳлар ҳам рўйхатга олинди, ҳаммаси қонуний.

Хўш, нега унда солиқчилар уларга тегмайди? Асосий савол шунда. Унга жавоб бериш учун ўтган йил декабрь ойида Ўзбектуризм Миллий Компанияси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига айлантирилганини билиш керак. У ерда эса туризм ёки тадбиркорлик нималигини биладиганлар ЙЎҚҚА ЎХШАЙДИ.

Ҳозир менда янги раҳбарият туроператорлар секторини буткул йўқ қилишга йўналиш олгандай тасаввур пайдо бўлган. Нима деб ўйлайсиз, улар буни уддалаяптими? Уддалаганда қандоқ! Мана сизга яна рақамлар: 2016 йил март ойида самарқандлик йирик бир туроператор 1000 дан ортиқ сайёҳни қабул қилганди, 2017 йил мартда эса, бор-йўғи 6 та! Тошкентлик бошқа туроператор 2016 йил март ойида ўзининг миллиард сўмлик айланмаси ҳақида гапирганди, бу йил мартда эса у бор-йўғи 42 миллионни ташкил этган. Яна бир йирик туроператор бу йил ўзининг 36 кишилик штатидан фақат 9 нафарини қолдирган. Аксарият соҳа вакилларида аҳвол шундай. Бу тенденция дейилади.  

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг янги раиси йиғилишлардан бирида барча туроператорларни очиқ-ойдин жиноятчилар деб атади. Бизга мамлакатни шарманда қилаётганимизни, қандайдир бир сифат андозаларига мос келмаётганимизни ва ҳоказоларни тез-тез гапиришади. Режалаштириш ва прогноз қилишни қойиллатадиган бу даҳолар эса энди туризмни ўзлари ривожлантиришга қарор қилган кўринади.

Бу тенденция нимага олиб келишини башорат қилсак ҳам бўлади: ҳа, СССР давридаги Интуристга! Ҳаммаси назорат остида, ҳаммаси рўйхат бўйича, ҳар бир қадам олдиндан белгилаб қўйилган.

Ўзбекистонда туризм хавф остида. Демак, бу ерда уни ўз ҳисобидан ривожлантиришга тайёр жонбозлар ҳам қолмаса керак…

Мурат Сарсенов

Фотосурат: Asha Safar.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.