ШҲТ -2017: чиройли эртак ўз ниҳоясига етди

ШҲТ -2017: чиройли эртак ўз ниҳоясига етди

Ер куррасининг ярми учун ажойиб имкониятларни очган муҳим воқеа содир бўлди. Ушбу ибора билан мен бизнинг “Ахборот”, Россиянинг “Вести”, Хитойнинг CCTV-1 каналлари ва бошқа ОАВнинг Астана шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммити натижалари борасидаги шавқ-завқини баҳамлашяпман. Энди эса жиддий… 
Апрель ойининг охирида ШҲТ бош котиби Рашид Алимов (Тожикистон фуқароси, КПСС МК ҳузуридаги Ижтимоий фанлар академиясининг битирувчиси , Хитойнинг “Ипак йўли” олтин медали соҳиби) журналистларга: “9 июнь куни кечқурун биз бошқа, каттароқ ва кучлироқ ташкилотга эга бўламиз», деганди. Ҳа, ҳақиқатан ҳам ШҲТ ҳудуди ва аҳолиси бўйича анча катталашди. Лекин у кучлироқ бўла олдимикин, деган савол туғилади? Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти энди АСЕАН, НАФТА, ТТҲ, ЕИ ва бошқалар билан тенглаша оладими, улар каби ҳамкорлик учун мафтункор бўла оладими? Биз солиштиришга уриниб кўргандик, энди эса хурсанд бўлишга ҳали жуда эрта эканини кўрсатамиз.

ШҲТ 1996 йилда “Шанхай бешталиги” – Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон – сифатида ташкил этилганди. 2001 йили унга Ўзбекистон ҳам қўшилганидан кейин ташкилот ўзининг ҳозирги номига эга бўлди. Ўша пайтда Евроосиёнинг тарихда мисли кўрилмаган салоҳиятини ўзида жамлаган ҳолда у кўпчилик учун тортишиш марказига айланади, деган фикр мавжуд эди. Агар ШҲТ иқтисодиётига тўхталадиган бўлсак, Хитойга бу ташкилот ўз маҳсулотлари ва маблағлари билан АСЕАН орқали ўтиш учун зарур бўлган. “Бенгал кўрфазининг ташаббуси” уни 3 йилдан бери боғлаб турганди, уни Тинч океани ҳамкорлик ташкилотига қўйишмади. Айтиш жоизки, охирги йилларда Хитойда 3 мингта йирик корхона ёпилган, мамлакатнинг металлургия ва машинасозлик соҳалари (“занг камар”) маҳсулот ўсишини аллақачон бермай қўйган – уни сотадиган жой йўқ… Россия ҳам, ўз навбатида, ШҲТда ҳозирча унчалик талабга эга бўлмаган товарлари учун янги бозорларни кўрганди… Марказий Осиё мамлакатлари ШҲТ Банкидан келадиган инвестицияларни хаёлида ҳисоблай бошлаганди… Хўш, нима бўлди?  

20 йил ичида ШҲТ бирортаям кўп томонлама лойиҳани амалга оширмади! ШҲТ Банки (қароргоҳини Тошкентда жойлаштириш кўзда тутилганди) ҳақидаги кўп йиллик гап-сўзлар мутлақо натижасиз қолди. БРИКС Банки эса аллақачон ўз фаолиятини бошлаб юборган. ШҲТ Тараққиёт жамғармаси билан ҳам худди шу вқеа юз берди… Хитой ва Россия ушбу янги формацияга бўлган умидини аллақачон узиб бўлган, ҳозир ШҲТга аъзо мамлакатлар билан барча шартномалар икки томонлама асосда тузилмоқда (бунга Ўзбекистон Президентининг Хитойга ташрифини мисол сифатида келтириш мумкин). Шу боис Хитой ўтган ҳафтада ШҲТни молиялаштириш ишларини 20 фоизга қисқартирди (the Financial Times). Россия эса энди ШҲТга аъзо мамлакатларни ўзининг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшиб олиш механизми сифатида қарамоқда (шу жумладан Ўзбекистонни ҳам). Наҳотки асосчиларнинг умумий қудратли иқтисодиёт ҳақидаги барча ваъдалари, ғарбга йўналтирилмаган ўз иттифоқини яратишга қарор қилган сиёсатчилар учун шунчаки бир ширин орзу бўлса? 

ШҲТда турли Хитой маталларини яхши кўришади. Аъзо мамлакатларнинг тузилмаси бир-бириникидан мутлақо фарқ қиладиган иқтисодиётини назарда тутган ҳолда, Конфуцийни  эслаш фойдали деб ўйлайман: “Мақсадга олиб борадиган йўллар бир хил бўлмаса, умумий режани тузишдан маъни йўқ”… Хўш, Хитойда (ЯИМ – $11064 млрд., ташқи савдо айланмаси $3685 млрд.), Ҳиндистонда (ЯИМ – $2088 млрд, айланма $ 623 млрд.) ва Ўзбекистонда (ЯИМ – $68 млрд., айланма $22 млрд.) қандай умумий мақсад бўлиши мумкин? Шу ўринда бу борада аввал бошидан хатога йўл қўйилганини қайд этиш лозим: ШҲТ Хартиясида муҳим тамойил мавжуд: “ШҲТда қарорлар овоз бериш йўли билан эмас, балки келишув йўли билан қабул қилинади”. Шу тариқа, фракциялар шаклланишидан қочишга ҳаракат қилишганди, “ҳеч ким босим ўтказа олмайди, келишиш йўли билан ҳал қиламиз” деган ҳолда, тенгликка урғу беришганди. Қисқа қилиб айтганда – муроса, келишув руҳи. Буни дипломатлар “япон тамойили” ҳам дейишади: музокаралар пайтида, буни тушуниб етмагунингизча, япониялик узоқ вақт бошингизни айлантиради. Лекин охир-оқибатда япониялик ўзининг обрўсини сақлаб қолади… ШҲТда ҳам шундай: агар турли фикрлар мавжуд бўлса (улар бўлиши шарт), барча муҳокамалар ҳар сафар яхши англанмайдиган салбий маънога эга ноаниқ жумлаларга дуч келмоқда… Масала кун тартибида ўн йиллаб қолиб кетиши мумкин. Гаплашилди – тарқалди: ШҲТдаги баҳс-мунозаралар ана шундай кечади. 

ШҲТ ушбу ғалати тамойил асосида ишловчи ягона халқаро ташкилот ҳисобланади. Энди ташкилотда Хитой билан бирга Ҳиндистон ва Покистон ҳам бўлса (Эроннинг аризаси 2008 йилдан бери кўриб чиқилмоқда), ШҲТда муросага келиш янада муаммоли тус олади.

Масалан, НАТОга бошқа мамлакатларга нисбатан ҳудудий эътирози бўлган давлатларни қабул қилишмайди. Хитой ва Ҳиндистонда у нафқат мавжуд, балки 1962, 1967, 1987 йиллардаги урушларгача борган. Охирги низо яқинда 2014 йилда юз берганди: Хитой батальони Кашмирдаги Аксай-Чин ҳудудига 30 км гача ичкарига бостириб кириб, бир ой давомида шу ҳудудда турган. Балки хитойликлар Аксай-Чинни ўзиники деб ҳисоблагани учун (бу 38,8 минг км кв майдон) бу ерда “бостириб кириш” ибораси ноўриндир (буни ўзлари ҳал қилишсин). Худди шундай ҳиндлар ҳам уни Аруначал-Прадеш штатининг (бу 90,6 минг км кв) ажралмас қисми деб ҳисоблайди ва бу ерда иккита тоғ-ўқчи дивизиясини қўйган. 2014 йилда чиқарилган Хитойнинг охирги харитасида эса бу штат Хитой ҳудуди сифатида белгиланган. Ўзаро эътирозларнинг характери аниқ бўлиши учун таққослашингиз мумкин: бутун Фарғона водийсининг ҳудуди – 22 минг км кв.

Шу вақтга қадар юқоридаги мамлакатлар ўртасида чегаралар бўйича музокараларнинг 15 та раунди ўтказилди. Улар Ҳиндистон Шимолий қўмондонлигининг бошлиғи генерал Б.Жасвалга виза берилмаганидан кейин тўхтаб қолганди (бутунлайми?). 1998 йили Ҳиндистон ўзининг энг йирик ядро синовларини ўтказганида, мамлакат бош вазири Атал Бихари Важпаи АҚШ президенти Билл Клинтонга “Ҳиндистоннинг ядро қуролини шартлайдиган омил – бу Хитой” деганди. Ҳиндистоннинг «Агни-5» баллистик ракетаси стратегик нуқтаи назардан фақат Хитойга зарба бериш учунгина керак. У Хитой ҳудудини Тинч океани соҳилидаги “Занг камар”гача тешиб ўтади. Нью-Деҳлидаги Урушни ўрганиш марказининг директори Гурмит Канвал “Биз ўз чегарамиздан анча узоқларга зарба бера оламиз” деганида айнан шуни назарда тутганди.

Хитой, албатта, бунинг ҳаммасини билади, шу боис Ҳиндистон атрофида – Бангладеш, Непал, Бутан, Шри-Ланкада ҳарбий базаларни қурмоқда. Унинг Жибутидаги ҳарбий базаси ўша ерда жойлашган Американикидан ҳам йирикроқ. Бугунги кунда Покистоннинг Гвадар порти Ҳинд океанидаги йирик ҳарбий база ҳисобланади, хитойликлар уни тўлиқ қайта қурган. Ушбу инфратузилма уларга катта имкониятларни бермоқда: Хитой Жанубий Хитой денгизининг 80% юзасини ўзининг ҳудудий сувлари сифатида эълон қилган. Ушбу сувлар орқали ўтадиган нефть транзити Суэц каналиникига қараганда 3 баравар кўп – буларнинг барчаси энди Хитойнинг назорати остида. Бунинг устига энди Ҳиндистоннинг ONGC компанияси (вьетнамликлар билан бирга) Парасель ороллари шельфида бировнинг нефтини қазиб чиқараётган бўлиб чиқади.

ШҲТ аъзосига айланган Покистон ҳақида эса алоҳида тўхталиб ўтиш керак. У Ҳиндистон билан уч марта уруш қилган, 1999 йилги охирги уруш ярим орол тарихида энг қонли ва шафқатсиз сифатида ном қолдирди. Яқинда 6 июнь куни IndiaToday нашри Бош штаб бош инспектори генерал Бипин Раватнинг: “Бугун биз Покистонга нисбатан барча вариантларни кўриб чиқяпмиз”, деган сўзларини келтирганди. Бунга жавобан Покистон армияси Бош штабининг Бош операцион бошқармаси бошлиғи генерал-лейтенант Сахир Шамшод Мирза: “Покистон қўшинлари Ҳиндистоннинг авантюраларига бор кучи билан жавоб қайтаришга тайёр”, деди. Эслатиб ўтаман, иккала мамлакат ҳам камида 50 тадан ядро каллагига эга, дейишади.

Яна бир эслатма: ШҲТнинг ўтган йилги Тошкент саммити чоғида, бу ерда “одамларнинг олдида” ҳамма шод-ҳуррамлик билан қучоқлашиб кўришган бир пайтда, Хитой Ҳиндистоннинг Ядро етказиб берувчилар гуруҳига (ЯЕБГ) кириш ҳақидаги аризасини қатъий тўсиб қўйди. Ушбу аъзолик ҳиндлар учун жуда муҳим эди, чунки мамлакат атом энергетикасини ривожлантирмоқда. Ҳозир бу йўлни хитойликлар ёпиб қўйган…

Бунинг устига Ҳиндистоннинг ШҲТга аъзо бўлиш аризасини ҳам Хитой ўша кўкларга кўтариб мақталган муросага умид қилгани учунгина тўсиб қўйгани йўқ. ШҲТга Ҳиндистон билан бирга унинг синалган дўсти Покистон ҳам аъзо бўлди. Айтиш жоизки, Покистон хитойликларга Аксай-Чиннинг “ўз қисмидаги” низоли (Ҳиндистон билан) ҳудуд орқали Тибет-СУАР стратегик шоссесини барпо этиш имконини берди. Кашмир штатидаги яна бир низоли ҳудуд орқали “Хитой-Покистон иқтисодий коридори” (ХПИК) ўтган, уни ҳозирнинг ўзидаёқ Бир минтақа-Бир йўл (БМБЙ)нинг (Хитой) бир қисми дейишмоқда. Бу эса БМБЙ остига вақти келганида портлайдиган мина қўйилди дегани…   

Ҳиндистон май ойида Хитойнинг БМБЙни ишга тушириш маросимида қатнашиш таклифини ҳам рад этгани бежиз эмас. Айтгандай, Ҳиндистоннинг ҳам ундан қолишмайдиган “Шимол-Жануб” йўли бор. У Ҳиндистондан Марказий Осиё ва Россия орқали Европага боради. Шу боис ҳиндистонликларга Хитой БМБЙ уларни ортда қолдиргани ёқмаяпти. 

Эроннинг аъзолик аризасига ҳам тўхталиб ўтиш керакми, деб ўйлайман. Ҳаммаси оммага эълон қилинганидан мураккаброқ кўринади. Хусусан бунга Тожикистон тиш-тирноғи билан қарши. Гап шундаки, Тожикистондаги фуқаролар урушидан кейин Эрон тинчлик келишувининг кафилларидан бири эди. У Ислом тикланиш партиясига ҳукумат ва парламентда жой берган бўларди. Ҳозир бу партия давлат тузилмасидан ҳайдалган. Эрон эса, кафил сифатида ўша пайтдаги келишувларнинг бажарилишини талаб қилмоқда. Ўз навбатида, Тожикистон буни ички ишларга аралашув деб ҳисоблаяпти.   

Нима деб ўйлайсиз, шундай кейин ҳам ШҲТда муросага келиш осон бўлармикин?

ШҲТнинг ҳозирги кенгайишида Ўзбекистонга ҳам тегиб кетадиган муаммо бор. Бизнинг ОАВ бу ҳақда ҳеч нима айтилмади, лекин ҳозир кенгайган ШҲТ икки даражали тузилмага эга бўлиши муҳокама қилинмоқда (экспертлар даражасида). Муросага келишнинг имкони бўлиши учун, масалан БМТнинг Хавфсизлик Кенгашига ўхшаган дастлабки муҳокамалар учун “торроқ” форматни яратиш таклиф этиляпти. Унинг таркиби ҳам БМТникига ўхшаш бўлади, яъни ташкилот  асосчилари бўлган 1996 йилги ўша “Шанхай бешталиги”дан иборат бўлади. Ўзбекистон у пайтда ташкилотга аъзо бўлмаганини эса, биз яхши биламиз. Демак, энди биз “иккинчи рақамли” бўлиб қоламиз, бизнинг қирғиз дўстларимиз эса – “биринчи рақамли-ми”?

Шу билан чиройли эртак ўз ниҳоясига етдими?

Шу ерда учрашгунча,
Юрий Черногаев.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.