Террорчилик: хоинлар интернационали – 3

Террорчилик: хоинлар интернационали – 3

Ўтган ҳафта воқеаларга жуда бой бўлгани боис, ҳаммасини бирма-бир кўриб чиқамиз. Атрофимизда нималар юз беряпти ўзи?
Ўзбекистон – очиқ мамлакат. Биз Катта Ўрта Осиёдаги барча давлатлар билан чегарадошмиз. Хоҳлаймизми ёки йўқ, аммо воқеаларнинг акс-садоси айнан ўша томонлардан мен яшайдиган маҳаллагача ҳам етиб келди.

Ҳа, сўз яна ИШИД, ал-Қоида ва Ўзбекистон ислом ҳаракати (ЎИҲ) ҳақида боради. Туну-кун Хуросон амирлиги деб номланувчи даҳшатли тўрни астойдил тўқиётган ушбу ёвуз кучлар “гулдастаси” ҳақида… Улар сизларни ва мени, бизга қадрли бўлган ва биз бунёд этган нарсаларни илинтириш учун бу тўрни тайёрлашмоқда. Ҳозирча ҳудудимиз тинч. Бу давлатимизнинг хизмати. Аммо давлат фуқаролари вазиятни билиши шарт…
 
Ўтган ҳафта Россия Федерал хавфсизлик хизмати юртдошларимиз Фурқат Қўшаев ва Муҳаммадюсуф Ашуровни ИШИД агентлари сифатида қамоққа олди (улар ҳали жуда ёш… Шундай экан бу матнга “Дабдабали ҳисоботлар ортидаги қон ва ўлим” мавзусининг давоми сифатида ҳам қарашингиз мумкин). Маълум бўлишича, Ашуров ва Қўшаев бошқа каллакесарлар билан биргаликда Конфедерация Кубоги ўйинлари пайтида одамлар кўп тўпланадиган жойларда терактлар тайёрлаган, бунинг устига Ашуров ячейкага бошчилик ҳам қилган. Anhor.uz бу ҳақда ёзганди, бироқ Ўзбекистоннинг бошқа ОАВ бу ҳақда сукут сақлагани бироз ғалати.

Ўтган ҳафтада барча ҳарбийлар Тожикистоннинг “Лаур” полигонидаги воқеаларни диққат билан кузатиб турди. Ан-124 «Руслан» супер юк машиналари реал ҳарбий ҳаракатлар жадвали бўйича (7 соат) бу ерга Европадан тоғ-саҳро жойлари учун мўлжалланган «Искандар М9К720» қурилмаларини ташлади. НАТО таснифи бўйича – бу SS-26 Stone. Ушбу ракеталарнинг Европа варианти Польша билан чегарада (НАТО билан чегара деб ҳисоблайверинг) жойлаштирилганида, Европа ОАВ ва сиёсатчилар жуда ташвишга тушганди.

Бу ерда эса, Anhor.uz ўтган йил июнь ойида ёзган кишилар ташвишланиши керакка ўхшайди (/columnists/shos-a-zavtra-budet-chto). Бунинг устига “Шагол” базасидан (Челябинск яқинида) “Айни”да яна Су-24М, Новосибирск яқинидан эса Ми-24 ҳам учиб келган. Бу йигитлар жанг қилиш бўйича ўз ишининг усталари, кийимларидан ҳали Суриянинг чанги қоқилмаган… Тўғри бу ерда яна бир нарса бор, унга қандай муносабатда бўлишингизни билмайман.

«Искандар М» оғирлиги 480 кг бўлган ҳарбий қисмни кўтаради. Агар ракета душманнинг ракетага қарши мудофаа тизимини енгиши зарур бўлмаса, ундан айрим ускуналари ечиб олинади, энди у 700 кг келадиган “совға”ни кўтара олади. Буни америкаликлар яқинда Тора-Борада портлатган “барча бомбаларнинг онаси” кўрсатган самара билан тенглаштириш мумкин. Яъни тирик жон мутлақо қолмайди. Тинч аҳоли нима қилсин? Бундай ҳолларда ҳарбийлар папа нунцийи Арнольд Амалрикнинг “Ҳаммани ўлдиринглар, Тангри ўзиникини таниб олади…”  деган сўзларини эслашади. Ана шундай гаплар…

Ўтган ҳафтада Қобулни терактлар серияси титратди, ҳалок бўлганлар сони икки юзга яқинлашди. Яна муқаддас ойда-я! Амалрикнинг сўзларини иккала қарама-қарши томон қоида қилиб олган кўринади.

Ўтган ҳафтада Америка матбуоти юртдошларимизни яна салбий эпитетлар билан тилга олди. Аnhor.uz бир йил олдин ёзган Фазлиддин Қурбонов яна ўзини кўрсатди: у ИШИД билан ҳамкорлик қилишда айбланиб, Викторвилль шаҳри (Калифорния, у ернинг кундалик рационида 500 гр турли шарбатлар бор) қамоқхонасида ўтирган ҳолда, пичоқ ясаган ва қўриқчини пичоқлаган. Шарбат ичавериб, кучга тўлмайсан, шу боис қўриқчи омон қолган, Қурбоновни эса яна суд қилишмоқда… 

Энди энг асосийси ва энг хавотирлиси. У юқорида санаб ўтилганлардан мантиқий тарзда келиб чиқади. Ўтган ҳафтада Ҳамза бен Усама бин Муҳаммад бен Авада бен Ладен ўз тарафдорларига телевизион мурожаат (As-Sahab Media орқали) билан чиқди. Оддий қилиб айтганда, Ҳамза бу ўша биринчи рақамли террорчининг ўғли. Ҳамза бен Ладен ҳатто биз ҳозир санаб ўтган воқеаларни ҳам тилга олиб, ўз тарафдорларини отаси учун қасос олишга чақирди. Америкаликлардан, европаликлардан, исроилликлардан қасос олиш… Ва ниҳоят, Хуросонни (бу энди биз ҳақимизда) озод этиш.

Бу жиддий таҳдид. Чунки чақириқ қайта форматлаштирилган ал-Қоиданинг ёвуз рамзига айланиб бўлган ЎИҲнинг бошлиқлари билан шахсий дўст тутинган одамдан чиқмоқда.
 
Ҳамзанинг каллакесарлар раҳнамосига айланишига кўплаб омиллар сабабчи. У Усаманинг 15-фарзанди (Усаманинг жами 20 та боласи бор). Аммо у Усаманинг севимли (бешинчи) хотини саудиялик Khairiah (қандай талаффуз қилишни билмадим) Сабарнинг ягона ўғли. Айтишларича, Khairiah пайғамбарлар авлодидан. Демак, Ҳамзани ҳам авлиёларнинг нури “ўраб туради” (айтмоқчиманки, Шарқда ҳаммаси мураккаб: Усаманинг онаси Холида ал-Аттас – Латакиялик алавийлардан. Алавийлар эса исмоилий-шиалар ва гностик христианларнинг қоришмаси. Буюк Ибн Таймийийнинг фикрича, алавийлар исломнинг бир қисми эмас, улар христианларга яқинроқ. Умуман олганда эса, бу бизнинг ишимиз ҳам эмас…). Нима бўлганда ҳам, Ҳамза Усаманинг севимли ўғли ва унинг Усама бошлаган ишнинг давомчиси сифатидаги “обрўсига” ҳеч ким тил теккизмоқчи эмас.   

Каллакесарларнинг фикрича Ҳамза бу “обрўни” ўзи қозонган. 2015 йилда Ҳамзани каллакесарлар “ҳамжамиятига” таништирар экан, ал-Қоиданинг “каттаси” Айман аз-Завоҳирий, у 13 ёшидан бошлаб жанг қилаётганини – “ал-Қоиданинг ёш шери ҳозир бор-йўғи 26 ёшда эканини, у синовдан ўтган “фахрий” эканини, Вашингтондан Парижгача содир этилган муваффақиятли терактларда қатнашганини” қайд этади (бу ал-Қоиданинг «Inspire» сайтда берилган мақоладан, унга фаол ҳавола бериб ўтирмайман, албатта). Anhor.uz маълумотларига кўра, Ҳамза 2007 йилда содир этилган Беназир Бхуттонинг қотиллигига ҳам алоқаси бор, у 2005-2007 йилларда Жанубий Вазиристондаги Покистон хавфсизлик кучлари билан тўқнашувларда жангариларга раҳбарлик қилган.

Олдинига отаси севимли ўғлига бошқача ҳаётни кўзлаб қўйганди. Абботтабатда ўтказилган 2011 йилги рейддан кейин америкаликларнинг қўлига тушган Усаманинг ҳужжатлари ва хатларида Ҳамзанинг ҳаётини йўлга қўйиш, у ҳақда ғамхўрлик қилиш бўйича ўз тарафдорларига қаратилган кўплаб истакларни кўриш мумкин. Усаманинг АҚШ, Англия, Германия, араб мамлакатларидаги барча активлари Ҳамзага насиб қилди, у бошқача ҳаёт кечириши мумкин эди. “У отасига ўхшаб отларни яхши кўради”, – дейди Daily Mail’га берган интервьюсида АҚШ Федерал тергов бюросининг собиқ агенти Али Суфан. Усаманинг ўзи Жиддадаги подшо Абдул Азиз номли университетни тугатган, акалари Гарвардда (Ҳуқуқ мактаби), Жанубий Каролина университети ва Тафтс номидаги университетда таълим олган. Ҳа, зиёли оила… 2012 йил февраль ойида қайниси Закариё ас-Садеҳ The Sunday Times нашрига берган интервьюсида Усама ўз фарзандлари “Ғарбда тинч яшашини, Америка ва Европа олий ўқув юртларида ўқишини хоҳларди”, дея қайд этади (фаол ҳавола йўқ, бу архивдан олинган). 
 
Ҳамза  Қоҳирадаги Ал-Азҳар университетида ўқигани (ҳар бир мусулмоннинг орзуси, у ерда таълим олиш бепул, имомнинг тавсия хати керак холос) ҳақида маълумотлар бор. Аммо бир ой олдин Москвада Қоҳиранинг “Ал-Ахбар” нашри муҳаррири ўринбосари Эссам Муҳаммад Абу ал-Наср мен билан бўлган суҳбатда буни ғазаб билан инкор этди. Ҳа, бу университет учун обрў эмас, албатта…  

Ҳамза ўз университетларини ўзи танлаган: “Мен – мужоҳидман. Мужоҳидлар – қайси миллатга мансублигидан қатъи назар, бу ўзимизнинг миллат. Бу миллат ўз душманларини кечирмайди”. Ҳамза ана шу ўзининг янги “миллатига” бизнинг алданган юртдошларимизни ҳам қўшиб олмоқчи.
 
ЎИҲ билан дўстона муносабатлар 1997 йили Жалолиддин Ҳаққонийнинг (айнан унинг одамлари ўтган ҳафта Кобулда портлаш содир этди) ўғли Сирожиддин билан алоқалардан бошланган. У пайтларда Жалолиддин Покистоннинг Сват ҳудудида дала командири ва Тоҳир Йўлдошевнинг сафдоши бўлган. ЎИҲ эса, покистонликларга қарши жангга ўз каллакесарларини юборган ҳолда Сирожиддин Ҳаққонийга бу водийда ўзини мустаҳкамлаб олишга катта ёрдам берган.
 
Иккала гуруҳ билан Сайфулла Ахтар боғланган эди (ал-Қоиданинг эмиссари, шу йил февраль ойида ўлдирилди). Бу пайтга келиб, Ахтар ЎИҲ учун жангариларни тайёрларди, вақти келганида эса ўз “армияси”ни янги хўжайинларга тортиқ қилади. Шу тариқа ЎИҲ ал-Қоида билан яқиндан ҳамкорликни бошлайди…

2011 йил сентябрда ўтказилган Қандаҳордаги муваффақиятли операциядан кейин (34 та афғон аскари ҳалок бўлган) Ҳамза ЎИҲ раҳбарлари билан фотосуратга тушган. Афғонистон миллий хавфсизлик директорати (NDS) ўша пайтларда гуруҳларнинг яқин алоқасига Покистоннинг ISI Идорадан ташқари разведкаси оқ фотиҳа берган деб ҳисобларди. Бироқ тез орада у бундан афсусланди: 2014 йил июнь ойидаги Карачининг “Жинна” аэропортига қилинган ҳужумда ал-Қоиданинг ишланмаси бўйича ЎИҲ каллакесарлари қатнашади. ЎИҲ бошлиғи Усмон Ғози бунинг учун кейинчалик Ҳамзага миннатдорчилик ҳам билдиради.   

Суриядаги уруш – икки гуруҳ каллакесарлар ҳамкорлигининг янги жирканч саҳифасидир. Ҳозир Сурияда ҳамма ҳаммага қарши жанг қилаётгани боис ал-Қоиданинг раҳбари Айман аз-Завоҳирий учун ўз томонига янги одамларни оғдириб олиш муҳим. Бу улар ИШИДга оғиб кетмасликлари учун керак… Хўш, нима бўлганда ҳам инсонпарварлик муҳитида катта бўлган марказий осиёликлар учун улар яна нимани ўйлаб топишди экан? – Аз-Завоҳирий ўзининг барча мурожаатларида қандайдир бир “васиятлар”га амал қилиши, ал-Қоида шиаларнинг бошини олмаслиги ҳақида гапиради. “Буни фақат ИШИД қилади”, – дейди у.

Аз-Завоҳирий ИШИДни ноқонуний, Абу Бакр ал-Бағдодийни эса – бузғунчи деб ҳисоблайди. Буларнинг барчаси ал-Қоиданинг Суриядаги “Жебхат ан-Нусра” деб номланувчи бўлинмасига ўз сафларини кенгайтириб олишга ҳақиқатан ҳам ёрдам берди. Жоржтаун университетининг Хавфсизлик муаммолари маркази директори Брюс Хоффман “Ал-Қоида тўзғитиб юборилган, лекин ҳали мағлуб бўлганича йўқ. Ҳамза бен-Ладен учун бошқарувни ўз қўлига олиш вақти келди”, деб ҳисоблайди.   

Бугун Сурияда асосан бизнинг собиқ фуқароларимиздан иборат учта гуруҳ жанг қилмоқда. Булар: «Таухид вал-Жиҳод» (олдинги номи «Жаннат ошиқлари») батальони, «Имом Буҳорий жамоати» батальони ва «Туркистон ислом партияси»нинг жанговар қаноти (http://old.rusrek.com/cgi-bin/news.pl?MODE=GET_NEWS&ID=55678&PAGE=0). 2015 йил охирида «Таухид…» батальони «Жебҳат ан-Нусра» таркибига киради. Шу йилнинг ўзида айнан шу таркибда каллакесарлар Россиянинг Хмеймим базасига ҳужум қилади. Миллати ўзбек бўлган россиялик учувчилар ўшанда жангарилар билан эфирда ҳатто ўзбек тилида сўкишишга уриниб ҳам кўрганди…

2017 йил февраль ойида «Таухид…» батальони ҳозирда «Ҳайат Таҳрир аш-Шам» деб номланувчи  «…ан Нусра» билан Ал-Қоида таркибидан чиқади. Буни Саудиянинг General Inteligency Presidency – GIP(Умумий разведка хизмати) таклиф этганди (шу тариқа, у тажрибали жангариларни сотиб олганди). Бунга жавобан Ҳамза бен-Ладен мақсадлар барибир битта эканини билдирди. Кейинги телемурожаатда эса Марказий Осиёлик фуқароларга «Хуросон ҳалифалиги учун» курашишни таклиф қилди…  

Шу ерда учрашгунча,
Юрий Черногаев.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.