Астана кундаликлари. Байрам халқ учун

Астана кундаликлари. Байрам халқ учун

Келинг, аввало фактларга мурожаат қиламиз. Пойтахт кунини нишонлаш доирасида Астана шаҳрида олти кун давомида ўтказилган асосий тадбирларни санаб ўтмоқчиман. Булар – театр, мусиқа, қўшиқ ва цирк санъати фестиваллари, классик, жаз тароналари, турк ва кўчманчи халқлар мусиқаси фестиваллари, қандолатчилар фестивали, духовой оркестрлар фестивали, шаҳар боғлари фестивали, “Олма” ва “Экстрим тўлқини” оилавий фестиваллари, болалар ижоди, варраклар, кўзбойлоқчилар, «International street dance session» кўча рақслари фестиваллари; 4D Mapping-show; «Шаҳарлар жанги» ҳазиллар фестивали; «Опералия» халқаро фестивали доирасидаги жаҳон балети ва операси юлдузларининг кечалари;  «La Skala» театрининг «Дон Кихот» асари билан чиқиши ва машҳур опера қўшиқчиси Анна Нетребконинг концерти, шаҳардаги ҳамма майдонларда ўтказилаётган ёшлар дастурлари; “Шаҳар юлдузи” мусиқий мукофотига ўтказилган танловлар; “Астана – жаҳоннинг сифат пойтахти” танлови; шоирлар билан учрашувлар, Сатира ва юмор кечалари, Стол тенниси марафони, миллий кураш бўйича турнирлар, оммавий хайрия велопойгаси, “Шаҳар эволюцияси” фотокўргазмаси; “Пойтахт кубоги” Халқаро КВН лигаси… Буям ҳали ҳаммаси эмас!

Мен онгли равишда қозоқ адабиёти ва санъатини тақдим этувчи конкрет ижодкорлар билан боғлиқ тадбирларни тилга олмадим. Рўйхат таассурот қолдиради, тўғрими? Бир йил давомида барча тоифа ва ёшдаги аҳоли учун аҳамиятли ҳамда қизиқарли бўлган шунча тадбир ўтказилганида, бу ҳар қандай шаҳар учун шараф бўларди.  Биз, яъни дунёнинг турли бурчакларидан келган журналистлар гуруҳи эса буларнинг барчасини кўз ўнгимизда бор-йўғи олти кун давомида – 2-7 июль кунлари томоша қилдик.

Юқорида санаб ўтилган тадбирларнинг ҳаммаси шимолдаги қўшнимизнинг давлат байрамига – “Пойтахт куни”га бағишланди. Парламент қарори билан у ҳар йили 6 июль куни расмий тарзда нишонланади, бироқ амалда тадбирларнинг кўплиги ва оммавийлиги сабабли бир неча кун эрталабдан кечгача бутун шаҳар бўйлаб давом этади. Байрам кунларида ривожланаётган шаҳарнинг 100 дан зиёд истироҳат боғлари, хиёбонлари, каттаю-кичик майдонлари, “Байтерек” Монументи, “Хан Шатир” ва “Думан” савдо-кўнгилочар марказлари, “Алау” муз саройи, Республика велотреки, “Астана Опера” Опера ва балет театри ва яна йигирмага яқин йирик марказлар  одамларга лиқ тўлади.

Юқорида тилга олинган объектларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида ёзиш мумкин – улар ҳатто жаҳон миқёсида ҳам уникал ҳисобланади. Масалан, “Байтерек” монументида дунёда биринчи марта диаметри 22 метр, оғирлиги эса 300 тонна келадиган ҳамда қуёш нури тушишига қараб рангини ўзгартирувчи “буқаламун” шишасидан тайёрланган шар 97 метр баландликка кўтарилган;  “Хан Шатир” – бу пляжли курорт ва тропик иқлимга эга дунёдаги энг катта чодир бўлиб, у жаҳондаги энг яхши экобинолар ўнталигидан жой олган; “Алау” муз саройи конькида югуриш спорти учун мўлжалланган стадионларнинг жаҳон рейтингида 11-ўринда (641 та стадион орасида) туради; велопойгачининг шлеми кўринишида барпо этилган велотрек эса энг оригинал спорт мажмуаларидан бири сифатида тан олиб бўлинган. Шу йилнинг 2 июль куни очилган Қозоғистон миллий музейи Марказий Осиёдаги энг катта музей бўлиб, унинг майдони 62 минг метр квадратни ташкил этади. Унда тарих ва археология, антропология, олтин ва қимматбаҳо металлар, замонавий тасвирий санъат, графика ва ҳайкалтарошлик музейларининг экспозициялари жамланган. Ва ҳоказо, ва ҳоказо.

Энг асосийси эса, бу кўзни қамаштирувчи гўзал ва оригинал иншоотлар аҳолига, аввало – шаҳарнинг ёш аҳолисига фаол хизмат кўрсатмоқда. Ҳозир астаналикларни байрамга “Ла Скала” театри билан бирга буюк опера қўшиқчиси Анна Нетребконинг келгани, Лос-Анжелесдан ташриф буюрган машҳур раққослар кўча рақслари фестивалининг ҳайъат аъзоси эканлиги, эстрада майдончаларида россиялик машҳур поп-хонандаларнинг овози янграётгани, сенегал-америкалик рэпер ва R'n'B-қўшиқчи, бастакор ва мусиқий продюсер Эйкон тиним билмасдан маҳаллий қизларга хушомад қилаётгани билан ҳайрон қолдиролмайсиз.

Мен бу ҳақда нафақат бизга яқин ва дўстона мамлакатнинг яққол ютуқларидан биргаликда қувониш учун ёзишга қарор қилдим. Энг аввало, мен жонажон Тошкент шаҳар ҳокимиятини одамларни ҳақиқатан ҳам бирлаштирадиган, уларнинг кайфиятини кўтарадиган ва ўз шаҳрини гўзал, қулай ва қувноқ кўриш истагини туғдирадиган умумхалқ байрамларини ўтказиш учун энг яхши хориж тажрибасини ўзлаштиришга чақирмоқчиман.   

Шу ўринда ногаҳон, бизнинг катта байрамларимиз асосан танланганлар учун ўтказилиши, шаҳарликлар ва меҳмонларнинг аксарият қисми чеки кўринмайдиган тўсиқлар туфайли шаҳар кўчаларидан ўтаётганида ҳам қийналиши кўз олдимизга келади. Тўғри, бу борада бироз силжиш 1 май куни кузатилди. Фавворалар олдида концертлар ва учрашувлар ўтказилгани эсимда. Бироқ бу Астана ҳокимияти ўз аҳолиси учун нималар қилаётгани олдида денгиздан бир томчидай гап. Байрам кунлари бутун шаҳар – ёшлар ҳам, қариялар ҳам Астана кўчаларида, майдонларида ва концерт майдончаларида “яшади” десам адашмайман, чунки бу ерда барча асосий тадбирлар аҳоли учун очиқ эди.

Ҳатто энг экстрим тадбирларда ҳам ёш ва эпчил ди-жейлардан шаҳар “акимияти” ва мамлакат раҳбарияти номига миннатдорчилик сўзлари доим янграётганини эшитдик. Бу эса жуда қимматли совға!

Аъло Хўжаев,
Anhor.uz учун махсус

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.