Евросиё иқтисодий кенгашида нимани йўқотдик

Ўтган ҳафтада иқтисодиёт соҳасида юз берган икки воқеани солиштиришни таклиф қиламан. Биринчиси: Америка Конгресси ўзбек мактаблари бўйича лойиҳани тўхтатди, энди ўқувчиларимиз ваъда қилинган пулларни ололмайди. Иккинчи воқеа: Иссиқкўл соҳилидаги Чолпон-Атада Евросиё Иқтисодий Кенгаши (ЕОИК) Ҳукуматлараро кенгашининг юбилей йиғилиши бўлиб ўтди. Беш йил олдин Ўзбекистон ЕОИКга аъзо бўлишни ард этганди – бугун нималарни йўқотганимиз (ёки ютганимиз) ҳақида  фикр юритишга баҳона бор.
 
Дональд Трампнинг янги иқтисодиёти ва ўзбек мактаблари
Жаноб Трамп Американи янада буюкроқ қилишга қарор қилгани – ажойиб дастур. Ҳар қандай давлат арбоби ҳам бундай даъватга ботинолмаган бўларди: бу ишнинг таркибий қисмлари ҳаддан ташқари  кўп, мамлакатни янги чўққига кўтарадиган мустаҳкам арқонни эшиш учун ҳаддан ташқари кўп иқтисодий, сиёсий омилларни ва шунчаки инсон омилини бирлаштириш керак. Жаноб Трамп бунинг уддасидан чиқмоқда. Шу жумладан “жиддий бўлмаган” вазифаларни қатъий четга суриб қўйиш ҳисобидан ҳам. Ўзбек мактаблари ана шундай вазифалар сирасига тушиб қолди.
 
Трамп маъмурияти Конгресс томонидан тасдиқлаб бўлинган бир нечта хорижга ёрдам фондларини “вақтинчалик музлатиш ва қайта кўриб чиқишни буюрди”. Ўтган шанба куни Бошқарув ва бюджет масалалари бошқармаси АҚШ Давлат департаменти ва Халқаро ривожланиш бўйича агентликка (USAID) хат юборди. Унда улар “ўша шанбанинг ярим тунига бир дақиқа қолганда” кучга кирган ушбу “музлатиш” ҳақида хабардор қилинди (эх, америкаликлар шундай томошаларни яхши кўришади-да, Голливудда улғайишган). Дастур ҳам “қайта кўриб чиқилиши” кераклиги сабабли энди пулларни яна тасдиқлашлари мумкинлиги мутлақо факт эмас. “Майда нарсалар” бўйича ҳеч ким маъмурият билан баҳслашиб ўтирмайди…  
 
Бу “майда нарсалар” БМТга тўланадиган бадалларни ҳамда Кариб бассейнидаги мамлакатлар учун қуёш батареялари, Ўзбекистондаги мактаблар ва Марказий Америка футбол мусобақалари каби ўта “майда нарсаларни” ўз ичига олади. Бундан бироз олдин маъмурият Гватемала, Гондурас, Сальвадор ва Фаластиндаги худди шундай дастурларни қисқартирган эди. Фаластин билан солиштираётганим сизни хижолатга қўймади, деб умид қиламан.
 
Анъанага кўра хорижни молиялаштириш учун мўлжалланган маблағларнинг катта қисми олучиларнинг ҳисобрақамларига молиявий йил охирида тушиши керак, у АҚШда 30 сентябргача давом этади. Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги ушбу маблағлар бўйича ўзларининг яратувчанлик ишлари ҳақида олий ҳокимият олдида ҳисоб беришни мўлжаллаб қўйгандир, балки ҳисоб бериб бўлгандир ҳам. Бу эса жиддий сумма: америкалик солиқ тўловчилар учун ўтган шанбадаги умумий иқтисод $4 млрд.ни ташкил қилди. USAID изоҳ беришдан бош тортди.
 
Бу орада эса Чолпон-Атада…
Бу пайтда Чолпон-Атада ЕОИК давлатларининг раҳбарлари  бизнесни соддароқ, одамларнинг ҳаётини тинчроқ қиладиган 12 та ҳужжатни имзолади. Стратегик қарорлар ҳақида кейинроқ гаплашамиз, ҳозир эса Россия, Белоруссия, Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистон фуқароларининг кармонларига бевосита тааллуқли бўлган нарсалар ҳақида… Молдова бу ташкилотда кузатувчи мақомига эга, Вьетнам, Эрон, Хитой ва Куба давлатлари эса ЕОИК билан эркин савдо зоналари тўғрисида келишув имзолашди. Ушбу келишув бу мамлакатларга нисбатан алоҳида процедуралар орқали қўлланиши мумкин. Энди ЕОИКга аъзо бўлиш фуқаролар учун “пенсиялар мобиллиги”ни таъминлайди, яъни “пенсияларни ЕОИКга аъзо бошқа давлатга экспорт қилиш ва у ерда иш стажини инобатга олиш” масаласини ҳал қилади. Мисол: қирғизистонлик мутахассислар Россиядан ватанига қайтганида, пенсияни Россиядан олади. Шунингдек ЕОИКнинг бошқа мамлакатидаги иш стажи ҳам ватанида пенсия тайинлаш пайтида ҳисобга олинади.
 
Энди стратегик муаммолар тўғрисида. Ўз вақтида anhor.uz нашри ЕОИКга аъзо бўлишнинг ижобий ва салбий томонларини таҳлил қилган ва улар бизнинг бу ташкилотга нисбатан шубҳаларимизни шартлаган эди. Белгиланган “минуслар” сақланиб қолди. Аммо иштирокдан кўриладиган “плюслар” ўтган беш йил ичида – ошди.
 
Ўзбек бизнесини Чолпон-Атада қабул қилинган пахта бўйича ва озиқ-овқат экспорти бўйича қарорлар бевосита қизиқтирмоқда. ЕОИК прогнозига кўра, 2017 йил билан солиштирганда 2020 йилда бутун Иттифоқ бўйича  (агар Иттифоқ сўзи кимнингдир жиғига тегса, унда аниқлик киритаман – бу Евросиё Иқтисодий Иттифоқи, СССР эмас) қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш 3,7% га – $118,6 млрд.га ошади. Ўзаро савдолар ҳажмининг ўсиши 24% ни ташкил қилади – яъни ўзаро етказиб беришлар ҳажми $10,4 млрд.га ўсади. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг учинчи мамлакатларга экспорти 19,2% га ошади, бу доллар эквивалентида $4,1 млрд.ни ташкил қилади, импорт эса 3,2%га ошади. 2020 йилда Иттифоқдан учинчи мамлакатларга экспорт $56,7 млрд.ни ташкил қилади. Катта “пирог”, аммо уни бизсиз бўлиб олишмоқда…    
 
Албатта, бугун пахта иқтисодиётимизни белгиламаяпти. 2018 йилнинг январь-декабрь ойлари якунлари бўйича пахта толасининг Ўзбекистон экспортининг умумий ҳажмидаги улуши, 2017 йилнинг худди шу даври билан таққослаганда сезиларли даражада пасайган ҳолда, 1,6% ни ташкил қилган. Кези келганда, 2015 йилда унинг умумий экспорт ҳажмидаги улуши 5,9%ни ташкил қилганини қайд этиш керак. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам экспорт учун етказиб бериш ишлари давом этмоқда.
 
Мева-сабзавот экспорти эса шиддат билан ошиб бормоқда, ҳозир унинг қиймати $2 млрд.дан юқори (олтин сотишдан тушадиган даромаднинг ярми, шундай экан помидорларимиз бюджет учун ҳақиқий “олтин”). Ўтган йили биз 100 минг гектарга яқин майдонда пахта экишдан воз кечгандик: унинг ўрнига фермерлар қўшимча 8,235 млн.тонна мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирди. Бунинг устига экспорт қилиш тартиб-тамойили ҳам анча соддалаштирилди.
  
Бугунги кунда мамлакатимиз фақат қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг экспортчиси эмаслигини таъкидлаш лозим. 2018 йил учун маълумотларни келтиришим мумкин. Ўшанда январь-декабрь ойларида экспорт таркибидаги саноат маҳсулотларининг солиштирма улуши 78,7% га яқинни ташкил қилганди. Саноат маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчи ўзбек корхоналарининг сони эса 2017 йилнинг худди шу даври билан солиштирганда 446 тага ошиб, 3 509 тага етди.
 
Умумий якунлар катта таассурот қолдиради. 2018 йилда, масалан, Россия билан товар айланмаси $5,8 млрд.га, Қозоғистон билан $3 млрд.гача ошган. ЕОИК мамлакатлари билан эса 2017 йилдан бошлаб савдо муносабатлари илгариловчи суръат билан ошмоқда: бор-йўғи икки йил ичида – 50%.
 
Муаммолар яқинлашиб қолди
Олдимизда катта муаммо турибди. Бугун Ўзбекистон, МДҲ Эркин савдо зонаси (ЭСЗ) ҳақидаги шартномага қўшилганидан кейин, ЕОИК мамлакатларининг бозорларига чиқиши кенгайди. Мамлакатимиз ўзини ушбу форматда қулай ҳис қилмоқда, чунки МДҲ ЭСЗ ҳақидаги шартнома бирор-бир суверен ваколатларнинг миллатусти даражасига берилишини кўзда тутмайди, буни биз олдин қатъиян рад этардик. Лекин шу билан бирга МДҲ мамлакатларининг бозорига имтиёзли чиқиш таъминланади.

Аммо шу йил охирида биз учун МДҲ ЭСЗ иштирокчи мамлакатлари билан преференциал савдо қилиш муддати тугайди. Ана шунда бир қатор маҳсулотлар учун протекционистик тарифлар ва акцизларнинг пасайиши бошланади.
 
Унда қуйидаги савол туғилади: агар ЕОИК Вьетнам, Исроил ва Миср билан ЭСЗни ташкил қилишга тайёр бўлса, унда Ўзбекистон шундай шерик сифатида камроқ асос билан кўриб чиқилиши мумкинми? Балки, ундан ҳам илгарилаб кетармиз? Бунда бизнинг сиёсий қароримиз керак бўлади…

У ҳозирнинг ўзидаёқ тайёрланаётган бўлиши мумкин. Президентимизнинг 20-Сенат мажлисидаги чиқишини эслатаман: “Экспортга мўлжалланган сифатли маҳсулотни ишлаб чиқариш – бу ишнинг ярми, унинг учун сотиладиган бозорни топиш жуда қийин. Биз хоҳлаймизми ёки йўқ, Россия ва ЕОИК – бизнинг асосий ҳамкорларимиздир, савдоларимизнинг 70 фоизи улар билан боғлиқ. Яқинда ЕОИК ўз маҳсулотининг ягона маркировкасига ўтди. Бизнинг маҳсулотимиз ЕОИК ҳудудидан ўтаётганида ажралиб туради ва унга нисбатан муносабат ҳам тегишлича бўлади. Натижада ким зарар кўради?”
 
Сенаторларимиздан ҳеч бири бу рақамларни билмагани учун anhor.uz нашри бу “тешикни” Jamestown Foundation ёрдамида “ямашга” қарор қилди. Фонд ўзининг яқинда эълон қилинган маърузасида “Ўзбекистоннинг ЕОИКга  аъзо бўлмаслигидан (бу ташкилотга унга қўшни 4 та мамлакатнинг 2 таси аъзо бўлишга улгурди) кўрадиган чиқимлари ушбу давлат иқтисодиётига зарар етказган ҳолда ошиб бораверади”. Бугунги кунга келиб, зарар $ 1 млрд.дан кам эмас. Умуман олганда эса, бу “экспертларнинг ҳисоб-китоблари”, кимдир эса бошқача ўйлайди…  
 
Уларга маслаҳатим: давлатимиз раҳбарининг Минскка ташрифи якунлари бўйича ҳужжатларга бир қаранг. У ерда қабул қилинган баёнот бандларидан бирида шундай дейилади: “Томонлар Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик истиқболларини Белоруссия томоннинг таржрибасини инобатга олган ҳолда муҳокама қилишди”. Жаноб Лукашенко ҳаммани ЕОИКка интеграциялаш бўйича қанчалик жонбозлик кўрсатиши эса яхши маълум.
 
Сўзим якунида… Чолпон-Атада ЕОИК Ҳукуматлараро кенгашининг аъзолари хавфли чиқиндиларни Иттифоқ ҳудуди бўйлаб трансчегаравий кўчириш тўғрисидаги келишувни имзолади. Биз атом электр станциясини қураётганимиз боис, вақти келиб ишлатиб бўлинган ёнилғини Россияга транспортировка қилиш масаласи кўндаланг бўлади. Қозоғистон бу юкни ўз ҳудуди орқали фақат муайян шартларда ўтказиши мумкин. Қандай шартлар эканини тушунаётган бўлсангиз керак?
 
Шу ерда учрашгунча, 
Юрий Черногаев

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.