Атом станциясидан 30 километр масофада 39 минг киши истиқомат қилади

«Янги АЭС – ҳаётимни бағишлайдиган ишга айланади, фарзандларим учун ҳам, деб умид қиламан» – дейди ЎзАтом агентлигининг Фан ва инновациялар бошқармаси бошлиғи Шавкат Абдукомилов. “Ўзбек атом электр станцияси биз ҳозир ўрнатадиган реакторларда 60 йил ишлайди. Кейин бир неча ўн йил (агар технологиялар ўзгармаса) станцияни иш режимидан чиқаришга кетади. Кейин яна ҳаммаси янгидан такрорланади. Бу бутун бир циклни биз, мен ва фарзандларим қиламиз. Демак, бугун мен ўзбек атомчилари сулоласини бошлаб беряпман!” – изоҳ беради у. Ўзбекистон АЭС қуриладиган майдонда ўзбек журналистларининг суҳбатдошлари бўлган ёш қурувчилар ана шулар ҳақида гапирарди. Жорий ҳафтада ЎзАтом агентлиги журналистларга қурилиш жараёни билан танишишни таклиф қилди ва anhor.uz нашрининг қизиқувчан мухбирлари қизиқарли сафарда қатнашди…
 
«Учта набирам бор. Тўнғичи коллежни тамомлади, учинчиси яқинда туғилди. Тўнғич неварам электр энергияси танқис пайтда улғайган бўлса, энди учинчи набирам барча жиҳатлари бўйича замонавий, ободонлаштирилган қўрғонда яшайди. Бу ажойиб!» – дейди Хонбанди қишлоғида истиқомат қилувчи Наталья Пеплова. Шу атрофда жойлашган Учқулоч конининг муҳандиси Олимжон Эргашев эса ўз корхонасининг тикланишини АЭС билан боғламоқда.

Жиззах вилояти аҳолиси билан шундай суҳбатларни унчалик маълумоти бўлмаган, аммо АЭС қурилишини маъқулламаётган булбулигўёлар эшитиши керак эди. Сафардан олдин “экологик жамоатчилик” вакили билан суҳбатлашдим (фамилиясини айтиб ўтирмайман, реклама қилишим қолувди). У менга: “Бўлғуси станция қуриладиган майдон тектоник ёриқ ўтадиган жойдан ўн километр масофада жойлашган. 2014 йилда у ерда 6 балли зилзила бўлган. Бунинг устига у ерда тоғ ҳосил бўлмоқда, майдон ҳар йили 3 мм га кўтариляпти”, – деди.

“Қурилишда муҳандислик қидирувлари, геоахборот ва шаҳарсозлик кадастри лойиҳа илмий-текшириш институти” давлат унитар корхонасининг бош директори Йўлдош Мағрупов ҳар нарсага шубҳа билан қарайдиган кишилар учун махсус жуда мазмунли маъруза билан чиқди. Ушбу корхона қурилишни тайёрлаш бўйича бош пудратчи ҳисобланади. Институт Ўзбекистондаги тадқиқотларнинг 80 фоизини олиб боради. Мамлакат раҳбарияти тошкентликлар ва уларнинг франциялик ва туркиялик рақобатчиларининг таклифларини яхшилаб ўрганганидан кейин АЭС қурилишини айнан уларга ишониб топширди. “Уларнинг бурнини ишқалаб қўйдик”, дейди жаноб Мағрупов. Электр станцияси бўйича кенг кўламли дастурга институт (тижорат корхонаси) энг замонавий ускуналар, яъни дронлар, майдонларни йўлдош орқали мониторинг қилувчи ускуналардан тортиб, то автоматлаштирилган бурғуловчилар ва автомат метеостанцияларни харид қилган ҳолда,  ҳозирнинг ўзидаёқ 214 млн сўм сарфлади.

Жаноб Мағрупов ўз ҳикоясини бажарилган ишларга якун ясашдан бошлади (олдинда ҳали 2,5 йиллик қидирув ишлари турибди): “Биз ҳозирданоқ ҳар бири 250 бетлик 18 та жилддан иборат ҳисоботни топширдик. МАГАТЭнинг ҳар бир қатъий талаби бўйича 1000 та далил берилди. МАГАТЭ томонидан 15 та “ноқулай омил” санаб ўтилди, агар улар мавжуд бўлса, АЭС қурилиши савол остида қолади. Бизнинг ҳозирги майдонимиз дунёда жуда камдан-кам ҳолларда  учрайди. У МАГАТЭ санаб ўтган омилларнинг 14 тасидан тўлиқ холи. 15-омил ер юзасидан 6-12 метр чуқурликда жойлашган ерости сувлари, бу муҳандислик усулида енгил ҳал этилади”.


 
Шу ерда биз йилига 3 мм дан тоғ ҳосил бўлаётгани ҳақидаги саволни беришга уриниб кўрдик ва қуйидаги жавобни олдик: “МАГАТЭ тажрибаси майдоннинг 10 мм га кўтарилишини ҳисобга олиш имконини беради”. Мунозара давом этади: «Жиззах шаҳри ва яна 39 мингта аҳолиси бор 36 та қўрғонни ўз ичига олувчи 30 километрлик “хатарли зона”чи?». Бунга жавобан жаҳон статистикаси келтирилди.

Ўзбекистонликлар учун одатий бўлган иссиқлик электр станцияларининг аҳолига радиацион таъсири унга тенг қувватга эга АЭСникидан тахминан 20 баравар юқори. Кўмир таркибида (газда ҳам тахминан шунча) табиий радиоактив моддалар, яъни торий, уран изотопларининг парчаланиш маҳсулотлари (радий, радон ва полоний) ҳамда узоқ вақт сақланадиган калий-40 мавжуд. Кўмир ёнганида улар деярли тўлиқ ташқи муҳитга тушади. АЭСда бу нарса умуман йўқ, АЭС яқинида яшайдиган фуқароларимиз учун йиллик дозани  (нурланиш 0,01–0,05 мЗ в/йил) тишларнинг бир марталик рентген тасвирида олинадиган доза билан тенглаштириш мумкин ёки у телетомошабин оладиган дозадан 10 баравар кам (0,48 мЗ в/йил).
 
Юрий Черногаев.

Фотосуратлар Юрий Корсунцевники.

Мавзу бўйича қаранг
МАГАТЭ: Ўзбекистонда АЭС учун майдон ҳали йўқ

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.