Нега Ўзбекистоннинг энг йирик давлат тижорат банки мижозларини оқибатлари ҳақида огоҳлантирмасдан ва уларни тегишли тарзда тайёрламасдан ўз операцион тизимини алмаштиришга қарор қилди?

Ўзбекистон банклари ўз фаолиятида турли, яъни ҳам маҳаллий ишлаб чиқувчиларнинг («Фидо-Бизнес» компанияси), ҳам хорижий компанияларнинг операцион тизимларидан фойдаланади. Хорижий операцион тизимларнинг маҳаллий операцион тизимдан принципиал фарқи қуйидагилардан иборат:
  • Маҳаллий операцион тизимлар банк ҳисобрақамлари ва бухгалтерлик ҳисобларини қайд қилиш ва уларни кузатиб боришга (account based) мўлжалланган, хорижий тизимларнинг кўпчилиги эса у ёки бу банк амалиёти амалга оширилишига қараб уларни қайд қилишга (event based) йўналтирилган;
  • Маҳаллий тизим таҳлилий жадвалларни яратмайди, аммо ҳар бир ҳисобрақам бўйича ҳаракатни жуда яхши акс эттиради, бу бухгалтерлар учун ҳам, назорат функцияларини биринчи ўринга қўядиган регуляторлар учун ҳам жуда қулай. Хорижий тизимлар бошқарувчилик таҳлили ва раҳбариятнинг ҳар бир мижоздан, ҳар бир амалиётдан, ҳар бир банк департаменти фаолиятидан ва ҳ.к.лардан оладиган фойдасига ўхшаш кундалик саволларига жавоблар олиши учун яхши. Жавобни ҳар доим осон топиш мумкин;
  • Хорижий операцион тизимлар зарур пайтда (масалан, кредит бўйича муддатни ўтказиб юбориш ва пеня ҳисоблаб ёзиш) автомат тарзда керакли ҳисобларни (мослаштирилганида) яратади, маҳаллий тизим эса уларни биринчи амалиётни амалга ошириш пайтида (масалан, кредитни маъқуллаш ва бериш) яратади, бу процедуранинг ўзини оғирлаштиради ва шундоқ ҳам оддий бўлмаган жараённи секинлаштиради;
  • Хорижий тизимлар маҳсулот (хизматлар) эгасини масъул қилиб қўяди, маҳаллий тизим эса бош бухгалтерни айбдор қилади, чунки унинг розилигисиз ҳеч қандай амалиёт, ҳатто пулларни ҳисобга ўтказиш ҳам юз бериши мумкин эмас.

Фарқлар анчагина кўп, лекин фарқлар ва устунликларни тушуниш учун юқорида қайд этиб ўтганларимизнинг ўзи ҳам етарли. Бу ерда Марказий Банк банклар фаолиятида биринчи ўринга қайси мезонни қўйишини тушунишдан келиб чиқиш керак, яъни майда деталларигача бўлган ўз вақтида ва тўлиқ ҳисобот керакми (назорат тўлиқ бўлиши учун) ёки банк раҳбарияти томонидан амалиётлар бўйича қарорларнинг тезроқ қабул қилиниши ва, шунга мос равишда, банк томонидан хизматлар кўрсатиш/сотувлар тезлигими?

Ўз вақтида ЎМБ иккинчисини (бало-қазодан узоқроқ бўлиш учун биринчисини танлаган кўплаб маҳаллий банклардан фарқли ўлароқ) танлаган эди. Айнан шу боис 2004 йилда Temenos Global тизимига ўтилганди. Ушбу автоматлаштирилган банк тизими (АБТ) замонавий технологиялардан (Reuters, Bloomberg платформалари) тез фойдаланишни тақдим этарди, юқори унумдорлиги (тизимлар амалиётларни автоматлаштиришга мўлжалланган бўлиб, кўпгина бухгалтерлик ва операцион жараёнлар автомат тарзда бажарилади)  ва кенг функционаллиги (савдони молиялаштириш бўйича амалиётлар, форекслар ва бошқалар самаралироқ ишлайди) билан фарқ қиларди.

Унинг асосий камчилиги, агар банклар кўп миқдордаги махсус сетлар (улар Ўзбекистонда жуда кўп) айланмаси бўйича ҳисобдор бўлса, маҳаллий қонунчилик талабларига унчалик мослаша олмаслигидир. Ушбу камчилик маҳаллий компаниялар тақдим этиб келган ҳисоботларни шакллантиришнинг бошқа тизимларига мослашиш билан компенсацияланарди.
 
Temenos тизими турли модификацияларда бутун дунёда қўлланади, шу жумладан Украина, Қозоғистон, Латвия, Россия банкларида ҳам. Temenos® Global  – бу жаҳонга машҳур Temenos Group AG™ компанияси томонидан ишлаб чиқилган автоматлаштирилган банк тизими. Temenos Group банк фаолиятининг турли соҳалари, масалан, чакана савдо, корпоратив мижозлар, ислом банкинги, микромолиялаштириш ва бошқалар учун автоматлаштирилган тизимлар ва маҳсулотларни бутун жаҳон бўйлаб етказиб берувчи ҳисобланади. Банк оламида Temenos Group компаниясининг ечимлари ишончлилиги, ишларнинг юқорида даражада автоматлаштирилиши ва коднинг маълум даражада очиқлиги (бу хизмат кўрсатишни локаллаштириш, исталган мамлакат тизимига мослаштириш имконини беради) туфайли жуда юқори қадрланади. Айнан шу боис дунёнинг 150 та мамлакатидаги 3000 дан ортиқ банк ҳам чакана ва улгуржи савдони юритиш учун, ҳам активларни бошқариш бўйича амалиётлар учун қўлланадиган компаниянинг турли тизимларидан фойдаланади.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг 18 та тижорат банки ўз фаолиятини 1993 йилдан буён амалга ошириб келаётган «FIDO-BIZNES» компанияси томонидан ишлаб чиқилган ИABC тизимидан фойдаланади. Ушбу банкларнинг умумий активлари Ўзбекистоннинг бутун банк тизими активларининг тахминан 85 фоизини ташкил қилади.

«FIDO-BIZNES» компанияси Ўзбекистон бозорида ахборот тизимлари ва технологик ечимларни ишлаб чиқувчи ва етказиб берувчи йирик компания ҳисобланади. Компанияда СУБД Oracle, Oracle E-Business Suite, IBM, СУБД DB2 бўйича ўқиган ва сертификатланган мутахассислар ишлайди. Компаниянинг асосий маҳсулоти – “Интеграциялашган Автоматлаштирилган Банк Тизими” (ИАБТ) – “тижорат банки молиявий ва хўжалик фаолиятининг барча томонларини замонавий ахборот технологиялари асосида комплекс автоматлаштириш учун” мўлжалланган. “Аввал бошиданоқ ИАБТ тижорат банкининг хўжалик ва операцион фаолияти бўйича бутун ахборотни ягона маълумотлар базасида тўплайдиган, ахборотга ишлов берувчи ягона марказга эга тизим сифатида лойиҳалаштирилган эди. ИАБТ архитектураси замонавий тижорат банкининг кўп босқичли ташкилий тузилмаси ва IT-инфратузилмасининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Шу боис ИАБТ ҳам якка банклар учун, ҳам кўп филиалли, мураккаб ташкилий тузилмага эга банклар учун жуда яхши мос келади. У банкларга минимал харажатлар ва инсон ресурслари билан тизимнинг юқори даражадаги ишончлилиги ва хавфсизлигини таъминлайди” (компаниянинг расмий сайтига қаранг).

Айтиш жоизки, бу мақола у ёки бу тизимнинг афзалликлари ёки камчиликларини таҳлил қилишга, ёки улардан бирини реклама қилишга бағишланмаган. Мақсад – нега Ўзбекистоннинг йирик давлат тижорат банки мижозларини оқибатлари ҳақида хабардор қилмасдан ва уларни тегишли тарзда тайёрламасдан туриб, ўзининг операцион тизимини ўзгартиришга қарор қилганига аниқлик киритишдан иборат.

Маълумки, 2003 йилга қадар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки (қуйида – ЎМБ) Abraxis операцион банк тизимидан фойдаланиб келди, унинг лицензияси 2004 йилда тугаши керак эди. Abraxis тизимини ишлаб чиққан компанияни бошқа компания “ютади”, энди унинг учун банк сегменти устувор эмасди. Ўша пайтда ЎМБ тушунарли сабабларга кўра тендер асосида банк доираларида яхши маълум бўлган Temenos компаниясини танлайди. Temenos тизими 2004 йилда жорий этилади, 2008 йилда эса маҳаллий Finconsulting компанияси ёрдамида Ўзбекистон қонунчилигига боғлаган ҳолда update амалга оширилади. Finconsulting компаниясида ҳам аслини олганда ЎМБдан чиққан ва «Temenos» АБТни жорий этиш ишларининг бошида турган мутахассислар ишларди. 2018 йилгача тизим турли сабабларга кўра бошқа update қилинмади, шу боис АБТ энди Ўзбекистон қонунчилигининг кўпгина талабларига жавоб бермай қолди ва Марказий банк томонидан белгиланган ҳисоботлар шаклларини оператив тартибда тақдим этолмасди. Finconsulting компанияси тизимни имкони борича мослаштирди, бироқ дастурий таъминот эгаси томонидан зарур update амалга оширилмагунича, у кўп нарсаларни ўзи мустақил равишда ўзгартира олмасди.

2019 йил бошида ЎМБнинг янги раҳбарияти АБТни ўзгартиришга қарор қилади. Ҳолбуки, бу Ўзбекистон капиталининг 50% ва бутун банк тизими активларининг қарийб 70% тўпланган Банк ҳисобланади. Буни тушуниш учун банкнинг 94 та филиали ва амалиётлар бошқармаси орқали ҳар куни бутун Ўзбекистон банк тизими барча банк, бюджет транзакцияларининг деярли ярми ўтишини айтиш жоиз.

Шу ерда бир неча савол туғилиши табиий:
  • Агар бу давлат банки бўлса, нега АБТ каби ишлаб чиқариш фаолиятининг муҳим элементини харид қилиш учун, қонунчиликда талаб қилинганидай, очиқ тендер эълон қилинмади?
  • Нега мижозларнинг кундалик ишида тўғридан-тўғри салбий оқибатларга эга бўлган АБТни ўзгартириш режаси ҳақида олдиндан эълон қилинмади, мижозларга туғдирилган ноқулайликлар учун компенсация масалалари муҳокама қилинмади? 
  • Нега раҳбарият АБТни йил ўртасида, эски тизим маълумотларини зарур ишлов бериш жараёнидан ўтказмасдан, иш кунларида ишчи транзакцияларни синаб кўрмасдан алмаштира бошлади? Нега синов ҳисоботларини иш бўлмаган кунларда амалга ошириб, шу билан хотиржам тортди? Нега иш кунларида барча баланслар, ҳисобрақамлар бўйича айланмалар, мижозларнинг ҳисобрақамларидаги қолдиқлар “ёйилиб” кетди? Нега банк раҳбарияти муаммонинг кўламини ўз вақтида кўра олмади ва эҳтиёт чораларини кўрмади?
  • Нега АБТнинг ушбу миграциясидан жабрланган банк мижозларининг манфаатларини ҳеч ким инобатга олмаяпти ва мижозларнинг шикоятларига ҳеч ким эътибор бермаяпти?
  • Нега Банк ўз мижозларига нисбатан, 3 ҳафтадан бери уйига кеч кетиб, ишга ўз вақтида келаётган ва югур-югурлардан чарчаган ўз ходимларига нисбатан “шок терапияси” методларини қўлламоқда? Банк раҳбариятининг операцион бошқармаларида ишлайдиган ходимлари мана 3 ҳафтадирки, нормал ҳордиқ ва дам олиш куни нима эканини билмасдан ишлаётганидан хабари борми?
  • Банк раҳбарияти банкнинг кредитлар, аккредитивлар бериш, халқаро тўловларни амалга ошириш бўйича маҳсулотлари ҳар бир амалиёт бўйича қўлда бажарилаётганини биладими? Бу тизим миграцияси бошланган пайтдан бошлаб 20 кундан бери давом этмоқда. Ходимлар алоҳида олинган кредитлар бўйича ҳамон амалиётларни якунлай олишмаяпти, чунки тизим ҳар сафар хатолик чиқаради ва амалиётларни жой-жойига қўйишда барча очиладиган ҳисобларни ўзаро боғлай олмаяпти.
  • Банк раҳбарияти энди ҳар қандай амалиёт бир киши – бош бухгалтернинг ҳаёт фаолияти ва малакасига боғланиб қолганидан хабардорми?
  • Банк раҳбарияти топширқномалар ва ҳисоботларга қўлда SWIFT ишлов бериш инсон омили хавфи остида қолганини, бу банк учун кўп миллионли зарарга айланиб кетишини тушунадими?
  • Ва, ниҳоят, Марказий Банк қаерга қараяпти? Нега энг йирик давлат банки учун ишга бундай масъулиятсизларча ёндашишига йўл қўйиб берилди? Нега муаммо кўлами ва сабаблари ҳақида хабарлар йўқ ва, энг асосийси, юқорида тилга олинганлар ва бошқа камчиликлар қачон бартараф этилади ва ИАБТ тизими қачон тўлақонли ишга тушади?

ЎМБ рақамли технологияларни жорий этиш, мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича ҳаммага ўрнак ва намуна бўлиб қолишидан ҳамма манфаатдор деб ўйлайман. Бироқ, де-факто, бугунги кунда банк техникавий, операцион жиҳозланиш, хизмат кўрсатиш борасида ожизликка намуна ва банк ишини қандай ташкил қилмаслик борасида “ўрнак” бўлмоқда.

 
Абдулла Абдукадиров